Россиядаги мактабда отишма уюштирилди. Ўндан ортиқ қурбонлар бор
Олам
−
26 Сентябрь 2022
13728Россиянинг Ижевск шаҳридаги 88-мактабда номаълум шахс отишма уюштирди. Полиция жиноятчини қўлга олиш чораларини кўрмоқда. Бу ҳақда бугун, 26 сентябрь куни ТАССга Удмуртия Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
“Бугун полицияга Ижевск шаҳридаги 88-мактабда отишма юз бергани ҳақида хабар келиб тушди. Полиция ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб боришди. Ҳозирда гумонланувчини қўлга олиш чоралари кўрилмоқда”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
РФ Тергов қўмитаси маълумотига кўра, отишмада 13 киши ҳалок бўлган, улардан етти нафари бола. 20 киши жабрлангани айтилмоқда.
Таълим муассасасининг аниқлик киритишича, айни пайтда ўқувчилар ва ўқитувчилар эвакуация қилинган.
Удмуртия раҳбари Александр Бречалов воқеа жойига етиб келганини айтди.
“88-мактабдаги вазият бўйича: барча куч ва воситалар жалб қилинган, воқеа жойида барча махсус хизматлар, тез ёрдам машинаси ишламоқда. Воқеа жойига етиб келдим, бўлаётган барча воқеалар ҳақида зудлик билан хабар бераман”, деб ёзди Бречалов Telegram’даги каналида.
88-сонли мактаб Ижевск марказида, шаҳар маъмурияти биносидан унчалик узоқ бўлмаган жойда жойлашган. Таълим муассасасининг ижтимоий тармоқлардаги гуруҳи маълумотларига кўра, мактаб 1994 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда 982 нафар ўқувчи таълим олмоқда ва 80 нафар ўқитувчи ишлайди.