Расман: Ўзбекистонликлар учун Ҳаж ва Умра квотаси оширилди
Жамият
−
29 Сентябрь 2022
14547Ўзбекистонликлар учун Ҳаж квотаси 24 минг нафаргача, умра квотаси эса 100 минг нафаргача оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Гап шундаки, бугун, 29 сентябрь кунт Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегацияни қабул қилган.
Учрашувда мусулмон оламининг муқаддас зиёратгоҳларига сафарларни ташкил этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан фуқароларимизнинг Саудия Арабистонида бўлиши билан боғлиқ янада қулай ва шинам шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинган.
Мулоқот аввалида Ҳаж ва умра ишлари вазири давлатимиз раҳбарига Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд, мамлакат Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Саудия делегациясининг ушбу ташрифи жорий йил август ойида Саудия Арабистонига амалга оширилган тарихий аҳамиятдаги давлат ташрифи давомида олий даражада эришилган келишувларнинг давоми экани алоҳида таъкидланган.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик ҳаж квотасини икки баробар – 24 минг нафаргача, умра квотасини эса 100 минг нафаргача ошириш юзасидан келишувга эришилган.
Шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, рақамлаштириш соҳасида илғор тажрибани жорий қилиш, саудиялик туристларнинг юртимизда бўлиши учун визасиз тартиб жорий қилинганини ҳисобга олган ҳолда уларнинг Ўзбекистонга сафарларини кўпайтириш, икки мамлакат етакчи илмий-тадқиқот марказлари ўртасида шериклик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари ҳам кўриб чиқилган.
LiveБарчаси