Путиннинг хос одамлари ўляпти. Журналистни ким нега портлатиб юборди?

Олам 8667

Россиянинг Москва вилоятида рус файласуфи Александр Дугиннинг қизи, ҳарбий журналист ва сиёсатшунос, ҳали 30 ёшни ҳам қаршиламаган Дарья Дугинанинг машинаси портлаб кетди, тўғрироғи портлатиб юборилди. Оқибатда журналист вафот этган. 

Маьлум бўлишича, 20 август куни Александр Дугин ва унинг қизи Дарья Президентнинг Маданий ташаббуслар жамғармаси, Москва вилояти Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Одинцово маъмурияти томонидан қўллаб-қувватланаётган “Анъана” ватанпарварлик фестивалида қатнашган. Тадбир тугагандан сўнг, Дугин ва қизи бирга кетиши керак бўлган, бироқ маълум бир сабабларга кўра, улар бошқа-бошқа машиналарда йўлга чиқишган.

Ҳарбий журналист Дарья Дугинанинг вафотига оид хабарлар дайжестини юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Дарья Дугинага тегишли Toyota Land Cruiser  автомобили ҳаракатланиб кетаётган вақтида портлаган. Дастлаб ҳодисага машина газ баллонининг портлаши сабаб бўлгани айтилган, бироқ кейинчалик ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қўлбола портловчи қурилма машина тагига ўрнатилганини айтган. 

Россия Федерацияси Тергов қўмитаси марказий аппарати қотиллик бўйича жиноий иш қўзғатган. 

“20 август куни соат тахминан 21:00 ларда Одинцово шаҳар округида катта тезликда трассада Toyota Land Cruiser  русумли автомобилга ўрнатилган портловчи қурилма ишга тушди ва кейин машина портлаб кетди. Ёнғин содир бўлди. Ҳайдовчи воқеа жойида вафот этди. Марҳумнинг шахси аниқланди – бу журналист ва сиёсатшунос Дарья Дугина”, дейилади тергов қўмитаси хабарида

Кейинчалик тан олинмаган Донецк халқ республикаси раҳбари Денис Пушилин ўзининг Telegram'даги саҳифасида Дарья Дугинанинг ўлимида Украинани айблаб, пост қолдирган. 

“Украина режимининг террорчилари Александр Дугинни йўқ қилишга уриниб, унинг қизини машинада портлатиб юборишди”, деб ёзган Пушилин. 

Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк ҳолатга муносабат билдириб, айбловларни рад этган. 

“Мен Украинанинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлайман, чунки биз Россия Федерацияси каби жиноий давлат эмасмиз, ҳатто, террорчи давлат ҳам эмасмиз”, дейди Подоляк. 

Россия Президенти Владимир Путин ҳалок бўлган журналист Дарья Дугинанинг оиласига ҳамдардлик билдирди.

Путинга кўра, ёмон, шафқатсиз жиноят Дарья Дугинанинг ҳаётини қисқартирди. У Дугинага чинакам рус қалбига эга ёрқин истеъдодли шахс – меҳрибон, муҳаббатга бой, кўнгилчан ва очиқ деб таъриф берган.

“Журналист, олима, файласуф, ҳарбий мухбир, у халққа, Ватанга ҳалол хизмат қилди, Россия ватанпарвари бўлиш нимани англатишини амалда исботлади”, деб ёзади Президент ўз мактубида.

Шунингдек, Путин марҳумани “Жасорат” ордени билан тақдирлади

22 август куни Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати жамоатчилик билан алоқалар маркази журналист Дарья Дугинанинг қотиллиги фош этилгани, жиноят Украина махсус хизматлари томонидан тайёрланиб, содир этилгани ва унинг ижрочиси – Украина фуқароси 1979 йилда туғилган Наталья Павловна Вовк эканини аниқлаган. 

У 2010 йилда туғилган қизи Шабан София Михайловна билан жорий йилнинг 23 июль куни Россияга келган. 

Маълумотларга кўра, қотиллик содир бўлган куни Вовк ва Шабан "Анъана" адабий ва мусиқа фестивалида бўлишган, у ерда Дугина фахрий меҳмон сифатида иштирок этган. 21 август куни Дугина бошқарувидаги Toyota Land Cruiser автомобилининг бошқариладиган портлашидан сўнг, Вовк ва унинг қизи Псков вилояти орқали Эстонияга жўнаб кетган.

Махфий хизматнинг аниқлик киритишича, Дугинанинг ўлдирилишини уюштириш ва унинг турмуш тарзи ҳақида маълумот олиш мақсадида Вовк ва унинг қизи Москвада марҳум яшаган уйдан квартира ижарага олган. Улар журналистни кузатиш учун Mini Cooper автомобилидан фойдаланган, шу билан бирга, Россияга киришда (тан олинмаган) Донецк Халқ Республикаси рақамлари ишлатилгани айтилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари Наталья Вовкни Россияга экстрадиция қилиш мақсадида қидирувга берилишини маълум қилган.

Дугинанинг отаси Александр Дугин қизининг ўлими ҳақида гапираркан, “Россия халқини синдириб бўлмайди, шунинг учун Дарья Дугинанинг қотиллари ўз мақсадларига эриша олмайди”, деган.

У февраль ойида Россия қўшинларининг Украинага киришини ва унинг деярли барча ҳудудини босиб олишни ёқлаб чиққан. Дарья Дугина эса ижтимоий тармоқларда отасининг ғоялари билан ўртоқлашган. Отаси билан бирга у Буюк Британия ва Австралиянинг санкциялар рўйхатига киритилган.

Дугинанинг вафотига нисбатан кўплаб хорижий мамлакатлар қатори АҚШ Давлат департаменти ҳам муносабат билдирди. 

Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Нед Прайсга кўра, “Украина Дугинага қилинган ҳужумга алоқадорлигини инкор этади”. 

Шунингдек, у Оқ уй Киевда, Бучада, Харьковда, Краматорскда, Мариуполда ёки Москвада тинч аҳолига қилинган ҳужумларни сўзсиз қоралашини, бу тамойил бутун дунёда амал қилишини айтган.  

У сўзида давом этиб, руслар бўлиб ўтган воқеадан хулоса чиқаришига шубҳа қилмаслигини қистириб ўтган. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти россиялик журналист ва жамоат арбоби Дарья Дугинанинг ўлдирилиши бўйича барча фактларни аниқлашга чақирди.

Бугун, 23 август куни Дугина билан видолашиш маросими ўтказилди. 

Феруза Нажмиддинова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 133
Рейтинг: 3
t
×