Песков Украинадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш шартини айтди
Олам
−
23 Июнь 2022
18146Расмий Киев Москва томонининг барча талабларини бажарганидан кейин Украина атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш режасини тузиш мумкин бўлади. Бу ҳақда ТАСС Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга асосланиб, хабар берди.
“Тинчлик режасига келсак, ҳа, бу Украина барча талабларни бажарганидан кейин мумкин”, деган Дмитрий Песков журналистларнинг саволига жавоб берар экан.
Журналистлар шундан айнан қандай талаблар борлиги ҳақида аниқ савол берганида, у “Украина ҳамма нарсани жуда яхши билади”, дея жавоб қайтарган.
Маълумот ўрнида, 10 март куни Туркиянинг Анталия вилоятида дипломатик форум бўлиб ўтди. Унда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли иштирокида Россия ва Украина Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Дмитрий Кулеба учрашди.
Саммитга Украинадан келган вакил Дмитрий Кулебанинг таъкидлашича, Россия томони Путиннинг шартларини бажаришни талаб қилмоқда, бу эса Украинанинг таслим бўлишини англатади. Киев эса бунга рози бўлмайди.
Маълумот учун, Путин Украинага қарши ўзи бошлаган урушни тугатиш учун ҳеч тортинмай шартлар қўйган. Кремль “хожаси” аввало “Россиянинг хавфсизлик соҳасидаги қонуний манфаатлари сўзсиз ҳисобга олинишини истамоқда. Шунингдек, қуйидаги талаблар ҳам бор:
• Россиянинг аннексия қилинган Қрим устидан суверенитетини тан олиш;
• Украина давлатини демилитаризация ва денасификация қилиш вазифаларини ҳал қилиш;
• Киев ўз хоҳиши билан НАТОга аъзо бўлишдан бош тортиб, Украинанинг нейтрал мақомини таъминлаш;
• ДХР ва ЛХРни тан олиш.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси