Иштаҳалар карнай! Путин Украинага босқинни тўхтатиш шартларини айтди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Франция Президенти Эммануэль Макрон билан телефон орқали мулоқотда Украинадаги вазиятни ҳал қилиш учун шартларини очиқлади. Бу ҳақда Кремль Матбуот хизмати хабар берди.

Путин Украинага қарши ўзи бошлаган урушни тугатиш учун ҳеч тортинмай шартлар қўйган. Кремль “хожаси” аввало “Россиянинг хавфсизлик соҳасидаги қонуний манфаатлари сўзсиз ҳисобга олинишини истамоқда. Шунингдек, қуйидаги талаблар ҳам бор:

•    Россиянинг аннексия қилинган Қрим устидан суверенитетини тан олиш;
•    Украина давлатини демилитаризация ва денасификация қилиш вазифаларини ҳал қилиш;
•    Украинанинг нейтрал мақомини таъминлаш.

Россия етакчисининг матбуот хизматининг таъкидлашича, суҳбат француз томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтган. Макроннинг Россия томонидан Украинага уюштирилган тажовуз юзасидан билдирган фикрларига жавобан Путин ўз шартларини санаган. 

Путиннинг суҳбатда Москва Киев вакиллари билан музокаралар учун очиқ эканини ва улар “исталган натижаларга” олиб келишига умид қилаётганини қайд этган.

У, шунингдек, Макроннинг эътиборини россиялик ҳарбийлар Украинадаги “тинч аҳолига таҳдид солмаётганига” ва “фуқаролик объектларига зарба бермаётганига” қаратган. Кремлнинг иддаосича, таҳдид тинч аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланиш учун турар-жой даҳаларига зарба қуролларини жойлаштирган украина миллатчиларидан келади.

Елисей саройи ҳам Макрон ва Путиннинг суҳбати ҳақида хабар берган. Коммюникеда таъкидланишича, Макрон “халқаро ҳамжамиятнинг Россиянинг Украинага қарши ҳужумини тўхтатиш талабини яна бир бор урғулаган ва зудлик билан ўт очишни тўхтатиш зарурлигини яна бир бор қайд этган”.

“Республика Президенти Россия Президентини вазиятнинг ёмонлашувига йўл қўймаслик учун яқин кунларда алоқада бўлишни таклиф қилди. Президент Путин ўз розилигини берди”, дея қўшимча қилган Франция раҳбари матбуот хизмати.

Макрон Украина ва Россия делегациялари ўртасида музокара бошланганини айтиб, Путиндан жойларда қуйидагиларга амал қилишни сўраган:

•    тинч аҳоли ва турар-жойларга ҳужум ва зарба беришни тўхтатиш;
•    барча фуқаролик инфратузилмасини сақлаб қолиш;
•    асосий йўллар, жумладан киев жанубидаги йўллар хавфсизлигини таъминлаш.

Путин Макроннинг сўровини қабул қилган.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

1381

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг