Aжрашаётган Усмонов, ўзгартирилаётган Конституция, фоҳишахоналар сабаб тилга тушган адвокат – ҳафта дайжести
Таҳлил
−
22 Май 2022
14844Якунига етиб бораётган ҳафта давомида кўплаб муҳим ва кенг жамоатчиликнинг муҳокамаларига сабаб бўлган воқеалар юз берди. 30 йиллик турмушидан ажрашаётган Усмонов, ўқувчини дўппослагани учун ишдан олинган ўқитувчи, Конституцияни қайта ислоҳ қилиш таклифини берган ЎзЛеДеП, "Фоҳишахоналарни ёпмаймиз", дея тилга тушган адвокат ва Nest Oneʼдаги можаролар шулар жумласидан.
Қуйида ҳафта дайжести билан танишинг.
Сурхондарёда ўқитувчи вазифани бажармаган ўқувчини калтаклади
Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқувчиси калтаклангани акс этган видео тарқалди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 22 апрель куни Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманидаги 4-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси 9-синф ўқувчиси дарс машғулотларига тайёргарлик кўрмасдан келганлиги учун уни урган.
Ҳолат юзасидан Бандихон тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган.
Ўрганиш натижасида, Сурхондарёда ўқувчини дўппослаган ўқитувчи, мактаб директори ва унинг “зам”лари ишдан олинди
Тошкент метросида эркак поезд йўлига тушиб кетди
Ҳафтанинг иккинчи куни нохуш хабар билан бошланди. Тошкент метрополитенининг Чилонзор линиясида эркак шошилгани сабаб поезд йўлига тушиб кетди. Бу ҳақда “Тошкент метрополитени” ДУК хабар берди.
Метрополитен ходимлари ҳамда йўловчиларнинг тезкорлиги сабаб фуқаро ҳеч қандай тан жароҳатларсиз зудлик билан поезд йўлидан қутқариб олинган.
Nest Oneʼда ишчилар “забастовка” ўтказди
Жорий йилнинг 17 май куни ижтимоий тармоқларда Tashkent city халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида жойлашган Nest One осмонўпар биноси қурувчилари иш ташлаш ўтказаётгани ҳақида видео ва хабарлар тарқалган эди. Унда ишчилар маоши тўланмагани учун норозилигини билдириб, иш ташлаш ўтказаётгани айтилган.
Nest One мажмуасини қураётган “Murad Buildings” қурилиш ширкати раҳбари Мурод Назаров иншоот олдига бориб, ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
“Ижтимоий тармоқларда ваҳима қилавериб, чарчатиб юбординглар. Тўғрисини айтаман. Мана жонли эфир қиляпман. Ваҳима қилманглар. Ош ҳаммага етмаган бўлса шундай ваҳима қилиш шартми? Ҳаммаёқ тинч, жим-жит. Ҳаммаси зўр кетяпти, ҳамма ишлаяпти. Битта ош қилиб, балога қолдим", дейди Назаров.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Nest One осмонўпар биноси ишчилари апрель учун иш ҳақини олмагани сабаб мазкур корхонага нисбатан норозилик уюштирганини тасдиқлади.
2022 йил 17 май куни 312 нафар ишчига 1 007 001 825,87 (бир миллиард етти миллион бир минг саккиз юз йигирма беш) сўм иш ҳақи тўлаб берилиши таъминланган. Шунингдек, “Оzguven tasarim mimarlik insaat sanayi ve ticar” ПУнинг 427 нафар ишчига 1 346 355 177,06 (бир миллиард уч юз қирқ олти миллион уч юз эллик беш минг бир юз етмиш етти) сўм иш ҳақи тўлаб берилди.
ХТВ “Сўнгги қўнғироқ”ни қандай ўтказиш бўйича баёнот билан чиқди
Халқ таълими вазирлиги “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказиш учун турли хил пул йиғимларини қатъиян тақиқламоқда. Бу ҳақда вазирлик ишлаб чиққан “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказиш бўйича тавсияларда сўз боради.
Мазкур тадбир соат 8:00 дан 8:45 га қадар, тавсия этилган сценарий асосида ташкил этилади. Унда йил давомида аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар тақдирланиб, рағбатлантирилади.
Боксчи Азиза Ёқубова тарихга кирди
Туркияда ўтказилаётган бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Азиза Ёқубова бронза медалини қўлга киритди. Шу тариқа, у катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида медаль қўлга киритган биринчи ўзбек қизи сифатида тарихда кирди.
"Менга отишга буйруқ берилди”. Рус ҳарбийси Украинада тинч аҳолини ўлдирганини тан олди
18 май куни Киев суд залида россиялик ҳарбий хизматчи Вадим Шишимарин қуролсиз тинч аҳоли вакилини ўлдирганини тан олди. Бу Россия босқини бошланганидан бери рус ҳарбийлари устидан ўтказилаётган биринчи суд жараёнидир.
“Менга отишга буйруқ берилди ва мен унга қарата ўт очдим, у йиқилди. Биз йўлимизда давом этдик”, дея тушунтирган Шишимарин.
Ўзбекистон афсоналари А Серия юлдузларини мағлуб этди.
18 май куни Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси афсоналари ва Италия А Серияси юлдузлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Ушбу баҳс 3:2 ҳисобида Ўзбекистон терма жамоаси юлдузлари фойдасига ҳал бўлди. Дастлаб, 7-дақиқада Яквинта италияликларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, 19-дақиқада Санжар Турсунов ҳисобни тенглаштирди.
Эрдўған айтганини қилди
Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди.
Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. Хусусан, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўриши айтилди.
18 май куни Финляндия ва Швеция расман НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди.
Аммо, НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг альянсга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.
Икки давлатнинг аризасини кўриб чиқиш жараёнини бошлаш учун йиғилган НАТО аъзоларининг ташкилотдаги доимий вакилари йиғилиши Туркиянинг жараённи блоклаши натижасида тўхтаб қолди.
“Фоҳишахоналарни ёпмаймиз. Чунки, у бизга фойда келтиряпти”. Адвокат аслида нима деганди?
Ижтимоий тармоқларда “Маҳалла” телеканалидаги “Минбар” кўрсатувининг гиёҳванд моддалар айланмасига бағишланган сонида адвокат Амрулло Аҳмедовнинг фоҳишахоналар ҳақидаги фикри кенг тарқалмоқда. Тармоқда тарқалаётган видеода адвокат фоҳишахоналар кераклигини айтаётганини кўриш мумкин.
Хўш, ҳуқуқшунос ҳақиқатан ҳам фоҳишахоналар кераклигини айтиб чиқдими? Албатта, йўқ. Фақатгина буни англаш учун адвокатнинг фикрига тўлиғича қулоқ тутиш керак.
“... У қайсидир жойдан гиёҳвандлик воситасини олиб келяпти ва фоҳишани олдига кирган вақтида тадбир бўлиб, ушланяпти.
Нега бунга йўл қўйиб беряпмиз? Қайсидир талабага, ўғлимизга шунга мойиллик яратиб беряпмизми, гиёҳванд моддаси олиб келгин деб. “У гиёҳвандлик моддаси тополмайман” деб айтяпти. “Мен сенга Telegram ботини айтаман. Шундан олиб келгин”, деяпти. Instagramʼда ёзишмалар бўляпти, унга қаердан олишини айтяпти. Охир-оқибатда у ички ишларда махсус аризачи бўлиб чиққанда, биз буни қандай тушунишимиз керак?”
Адвокат Амрулло Аҳмедовнинг ўзи ҳам фикри контекстдан юлиб, тарқатилганига муносабат билдириб, қайсидир тизимни танқид қилиш билан эмас балки, фоҳишалар орқали наркобизнес ва бошқа жиноятларни тарғиб этиш ҳолатларига чек қўйиш ва шу орқали эски услубдан воз кечиш зарурлигини таъкидлаганини айтган.
Ўзбек тили чақиртиканакми? “Дунё бўйлаб” нега руслаш(тирил)япти?
Сўнги ҳафтада ижтимоий тармоқларда “Дунё бўйлаб” телеканали энди фаолиятини рус тилида олиб бориши ҳақидаги хабарлар тарқалди ва жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлди. Буни ўзбек тилига қарши ҳаракат деб баҳоловчилар ҳам топилди.
Қандай қилиб бутун бошли телеканал ими-жимида давлат тилидан бошқа тилга ўтказилиши мумкин? Бу қарор қачон ва ким томонидан қабул қилинди? Ҳозирда у ерда фаолият олиб бораётган журналистларнинг тақдири энди нима бўлади? “QALAMPIR.UZ” жамоаси ушбу масала юзасидан телеканал муҳаррири Гулсара Соатхонова билан суҳбат қурди. Интервьюни QALAMPIR.UZʼ нинг You Tubeʼдаги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Усмонов 30 йиллик турмушдан кейин рафиқаси билан ажрашяпти
Россиялик миллиардер ва тадбиркор Алишер Усмонов 30 йиллик турмуш ўртоғи, Бутунроссия бадиий гимнастика федерацияси президенти, Россия терма жамоаси бош мураббийи Ирина Винер-Усмонова билан ажрашишга қарор қилди.
Суднинг аниқлик киритишича, Усмонов ушбу фуқаролик ишида даъвогар, Винер-Усмонова эса жавобгар ҳисобланади.
Алишер Усмонов Ирина Винер-Усмонова билан ажрашиш учун биргаликда сотиб олинган мулк бўйича ҳеч қандай масала ҳал этилмайдиган ва фақат никоҳ расман бузиладиган шаклда ариза берган.
Ўзбекистонда Конституцияни ислоҳ қилиш жараёнига старт берилди.
Жорий йилнинг 20 май куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма мажлисида Конституцияга ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилди.
Олий Мажлис Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг қўшма мажлисида комиссиянинг таркиби ва вазифалари белгиланди
Комиссияга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов раҳбарлик қилади. Унга Алишер Қодиров, Актам Ҳайитов, Қутбиддин Бурҳонов, Мурод Камолов ўринбосар бўлди. Депутат Одилжон Тожиев комиссия Матбуот хизмати раҳбари этиб тасдиқланди.
Расман: 1 июндан маошлар 12 фоизга ошади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармонига биноан, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 12 фоизга оширилади.
LiveБарчаси