9 декабрь. Ўзбекистон ва жаҳонда қандай воқеалар юз берди?

Таҳлил

image
Бугун, 9 декабрь Ўзбекистон ва халқаро майдонда қатор муҳим воқеалар содир бўлди. Ниҳоясига етаётган куннинг энг муҳим воқеалари қисқача тафсилоти билан танишинг.

Жамият 

“Бу Сурия эмас”. Қаршидаги ётоқхона абгор аҳволдалиги маълум бўлди

Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳридаги абгор аҳволга келиб қолган ногиронлар ва имконияти чекланганларнинг 2-сонли ётоқхонаси суратлари тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлди. Суратга келтирилган изоҳларда Бу ер Сурия ёки Ироқ эмас, Ўзбекистондаги бино экани айтилади.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Қаршида имконияти чекланганлар ётоқхонаси хароба ҳолга келиб қолгани бўйича муносабат билдирди.

Маълум қилишича, Қарши шаҳри, Шодлик маҳалласида жойлашган 2-сонли ётоқхона биноси 2019 йил 3 майдаги олди-сотди шартномасига асосан тадбиркор Анвар Жовлиев томонидан (№1271-сонли кадастр рақам) сотиб олинган. Яъни, бино 2019 йилдан буён 2-сонли ётоқхона эмас, қонуний тадбиркорнинг хусусий мулки ҳисобланади.

Хоразмда поезд аёлни уриб кетди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент-Хоразм йўналишида кетаёган поезд одам уриб юборганлиги ҳақида видеохабар тарқалди. Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат бўйича расмий маълумот берди.

Аниқланишича, кеча, 8 декабрь куни соат 09:25 ларда 43 ёшли аёл эҳтиётсизлиги туфайли “Истиқлол-Ҳазорасп” йўналишида келаётган йўловчи поезди уриб кетиши оқибатида олган оғир тан жарохатлари билан воқеа жойида вафот этган.

Ўзбекистонда ер ва сув солиғини ошириш режалаштириляпти

Ўзбекистонда ер ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини очириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида кўзда тутилган.

Таклиф этилаётган лойиҳада фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегирмаларга киритиладиган амортизация ажратмалари нормаларини ўртача 2 бараварга ошириш, бир марталик инвестициявий чегирма миқдорларини, бинолар бўйича – 10 фоиз, янги технологик асбоб-ускуна бўйича – 20 фоиз белгиланган ҳолда 2 бараварга ошириш назарда тутилмоқда.

Деновдаги портлаш бўйича жиноят иши очилди

Жорий йилнинг 7 декабрь куни Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги савдо мажмуасида содир бўлган кучли портлаш бўйича жиноят иши очилди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.

Савдо мажмуасида юзага келган портлаш бўйича Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 257 (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 259 (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. 

Жиноий жавобгарликка тортиш ёши ўзгартирилди

Ўзбекистон Президенти “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, 13 ёшга тўлган шахсларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши бекор қилинди. 

Илгари 13 ёшга тўлган шахслар жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдирганликлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Шунга кўра, жиноий жавобгарликка тортиш 14 ёшдан бошланади.

Бош прокуратура мансабдори пора билан қўлга тушди

Ўзбекистонда Бош прокуратуранинг яна бир ходими порахўрликда айбланиб, қамоққа олинди. 

Қайд этилишича, Бош прокуратуранинг Шахсий хавфсизлик бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда Бош прокуратура бошқарма бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаган Ш.В. қариндоши Ш.Н. орқали унинг таниши А.К.нинг ишончига кириб, унга нисбатан Бухоро вилояти прокуратураси иш юритувидаги жиноят ишини танишлари орқали тугатиб беришни ваъда бериб, 27 ноябрь куни фуқаро А.К.дан 3.000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан 7 декабрь куни Ш.В.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди (Фирибгарлик), 28, 211-моддаси 1-қисми (Пора бериш) ҳамда Ш.Н.га Жиноят кодексининг 212-моддаси 1-қисми (Пора олиш-беришда воситачилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. 

Гумонланувчи Ш.В. процессуал тартибда ушланган.

Олам

Ўзбекистон электр энергияси энг арзон 10 давлат қаторига кирди

Ўзбекистон аҳолига энг арзон электр энергияси етказиб бериш бўйича дунё рейтингида 7-ўринни эгаллади. Тегишли маълумотлар Британиянинг Cable.co.uk порталининг экспертлари томонидан тақдим этилди.

Рейтинг тузишда дунёдаги 230 та давлатда электр энергияси нархлари таҳлил қилинган. Маълум бўлишича, энг арзон энергия манбалари Шимолий Африка, Саҳрои Кабирдан жанубий Африка ва собиқ СССР давлатларида қайд этилган.

Байден АҚШ ва НАТО Украинани ҳимоя қилишга мажбур эмаслигини айтди

Америка Президенти Жо Байденнинг айтишича, ҳарбий тўқнашув бошланган тақдирда АҚШ ва НАТО Украинани ҳимоя қилиш учун ҳарбий куч ишлатишга мажбур эмас.

“5-модда (жамоавий мудофаа) бўйича биз НАТОдаги иттифоқчиларимизга ҳужум қилинган тақдирда уларга нисбатан маънавий ва ҳуқуқий мажбуриятимиз бор. Бу муқаддас мажбуриятдир. Бу мажбурият ... Украинага тааллуқли эмас”, деган Байден.

Байден Украинани ҳимоя қилиш учун Америка қўшинларидан бир томонлама фойдаланиш имконияти кун тартибида эмаслигини қўшимча қилди.

Дубайда ўзбек ошпази бир тонна ош дамлади

Кеча, 8 декабрь куни Дубай (БАА) шаҳрида бўлиб ўтаётган “EXPO-2020” Бутунжаҳон кўргазмасининг Ўзбекистон куни доирасида миллий павильонда 1000 килограммлик байрам палови тайёрланди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.

Гастрономик тадбир миллий таомлар бўйича ошпаз Баҳриддин Чустий ташаббуси билан ўтказилган ва унга мамлакатнинг энг сара ошпазлари ёрдам берган.

Таом тайёрлаш жараёни Ўзбекистон миллий павильонига кираверишда ўрнатилган улкан экранда онлайн шаклда трансляция қилинган.

Дунё 100 йилдан кейин АҚШ ва Хитойни йўқотади. Қайси давлатлар тақдири хавф остида?

Болгариянинг “Труд” нашри 100 йил ичида ёки ундан олдин йўқолиб ёки парчаланиб кетиши мумкин бўлган давлатлар топ-10 талигини тузди. Рўйхатга қуйидаги мамлакатлар киритилган:

1. АҚШ
2. Хитой
3. Буюк Британия
4. Шимолий Корея
5. Бельгия
6. Нидерландия 
7. Кирибати
8. Мальдив ороллари
9. Испания
10. Ироқ

Нидерландия дунёнинг энг бой оиласидан қимматбаҳо портретни сотиб олмоқчи

Нидерландия ҳукумати XVII асрда яшаган голланд рассоми Рембрандт ван Рейннинг автопортретини сотиб олишга 150 миллион евро (170 миллион доллар) ажратди. Бу ҳақда BBC News хабар берди. 

Ҳукумат Голландия маданияти ва тарихи учун ўта муҳим саналган асарни сотиб олиш учун парламентдан рухсат беришини талаб қилмоқда. Нидерландия ҳукумати суратни сотиб олиш учун 150 миллион евро (170 миллион доллар) ажратган, Музей фонди яна 10 миллион евро, Рембрандт уюшмаси эса 15 миллион евро қўшади.

Спорт

“Барселона” 2003/04 йилги мавсумдан бери биринчи марта ЕЧЛ плей-оффига чиқолмади

Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг сўнгги, ҳал қилувчи, турида Испаниянинг “Барселона” клуби Германининг “Бавария”сига 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

Ушбу ўйинда “Барса” дарвозасини Томас Мюллер (34-дақиқада), Лерой Зане (43) ва Жамал Мусиала (62) ишғол этди.

“E” гуруҳининг яна бир учрашувида Португалиянинг “Бенфика” жамоаси ўз майдонида Киевнинг “Динамо”сини қабул қилиб, 2:0 ҳисобида зафар қучди. Олтинчи дақиқада “Динамо” дарвозасига голни ушбу жамоанинг собиқ футболчиси Роман Яремчук, 22-дақиқада Мораэс Гилберто киритди.

ПСЖ футболчиси “Арсенал”га ўтмоқчи

ПСЖ ярим ҳимоячиси Жоржиньо Вейналдум 2022 йилнинг январь ойида клубини ўзгартириши мумкин. Бу ҳақда “Sky Sports” нашри хабар берди.

Нидерландия терма жамоасининг 31 ёшли футболчиси парижликлар уни “Арсенал”га ижарага беришларини истайди ва бир пайтлар “Ливерпуль” ва “Ньюкасл” сафида бўлганидек, Англия Премьер лигасида яна тўп тепишни истайди.

Бугундан янги давр бошланади – Хави

“Барселона” бош мураббийи Хави UEFA Чемпионлар лигаси доирасида “Бавария”дан учралган мағлубият (0:3) ва жамоа Европа лигасига тушиб кетганидан кейинги вазият ҳақида фикр билдирди.

“Мен асабий ҳолатда эканим ҳақиқат ва бу мени ғазаблантиради. Бошқа ҳеч нарса қилиш мумкин эмас. Бугундан янги давр бошланади. Биз барчасини нолдан бошлаймиз”, дейди Хави.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

160

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг