“Бу Сурия эмас”. Қаршидаги ётоқхона абгор аҳволдалиги маълум бўлди
Жамият
−
09 Декабрь 2021
19720Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳридаги абгор аҳволга келиб қолган ногиронлар ва имконияти чекланганларнинг 2-сонли ётоқхонаси суратлари тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлди. Суратга келтирилган изоҳларда Бу ер Сурия ёки Ироқ эмас, Ўзбекистондаги бино экани айтилади.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Қаршида имконияти чекланганлар ётоқхонаси хароба ҳолга келиб қолгани бўйича муносабат билдирди.
Маълум қилишича, Қарши шаҳри, Шодлик маҳалласида жойлашган 2-сонли ётоқхона биноси 2019 йил 3 майдаги олди-сотди шартномасига асосан тадбиркор Анвар Жовлиев томонидан (№1271-сонли кадастр рақам) сотиб олинган. Яъни, бино 2019 йилдан буён 2-сонли ётоқхона эмас, қонуний тадбиркорнинг хусусий мулки ҳисобланади.
Қайд этилишича, бинода жами 120 та хона мавжуд бўлиб, шундан, 18 таси ёрдамчи хоналар (ошхона, ювиниш хонаси, омборхона), 102 таси яшашга мўлжалланган хоналардан иборат. Ўрганишлар жараёнида бугунги кунда 64 та хонада фуқаролар ноқонуний яшаб келаётгани, улар турли ҳудуд(туман/шаҳар)лардан келиб, ўзлари ўзбошимчалик билан ётоқхонага жойлашиб олгани, тадбиркор бир неча бор огоҳлантиришига қарамасдан улар хоналардан чиқмагани аниқланди.
“Тадбиркор А.Жовлиев инсонийлик жиҳатидан уларнинг яшашига рухсат беришга мажбур бўлган.
Қарши шаҳридаги “ётоқхона” деб айтилаётган бино бугунги кунда ҳақиқатдан ҳам таъмирталаб аҳволда бўлиб, тадбиркорга қарашли бўлгани сабабли давлат томонидан бу ерда таъмирлаш ишларини олиб бориш қонунга зид”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Таъкидланишича, кеча, 9 декабрь куни мазкур ётоқхона ва унинг атрофида тозалаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, тартибга келтирилган.
“Аммо, бу билан масала охирига етиб қолмайди. Яъни, кўпчилик фуқароларнинг ўз яшаш ҳудудларида уларнинг номида уй-жойлари мавжуд. Шундай экан, тез кунларда ким уй-жойга муҳтож, кимнинг уй-жойи борлиги ўрганилиб, ҳар бири бўйича охирги хулосалар берилади.
Шунга қараб бинода яшаб келаётган уй-жойи бўлмаган фуқароларни келгусида турар жойлар билан таъминлаш чоралари кўрилади. Туманлардан келиб бинога жойлашиб олган фуқаролар аввалги яшаш манзилларига қайтарилади. Барча фуқаролар муаммоси тегишли тартибда ҳал этилганидан сўнг бино тадбиркорга бўшатиб берилади”, дейилади расмий муносабатда.
LiveБарчаси