Дубайда ўзбек ошпази бир тонна ош дамлади (фото)

Олам 18552
image
-

Кеча, 8 декабрь куни Дубай (БАА) шаҳрида бўлиб ўтаётган “EXPO-2020” Бутунжаҳон кўргазмасининг Ўзбекистон куни доирасида миллий павильонда 1000 килограммлик байрам палови тайёрланди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.

Гастрономик тадбир миллий таомлар бўйича ошпаз Баҳриддин Чустий ташаббуси билан ўтказилган ва унга мамлакатнинг энг сара ошпазлари ёрдам берган.

Таом тайёрлаш жараёни Ўзбекистон миллий павильонига кираверишда ўрнатилган улкан экранда онлайн шаклда трансляция қилинган.

“Ўзбекистон тарихи ва маданиятига бағишланган тантанага келганларнинг кўпчилигини паловнинг хушбўй ҳиди, карнай ва сурнайларнинг баланд овоздаги чақируви ўзига тортди.

Афсонавий ўзбек паловидан татиб кўриш учун одамларнинг узундан-узоқ навбатга тургани ошпазларимизнинг маҳоратига, миллий таомларимиз тантанасига берилган юксак баҳо бўлди”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, “EXPO-2020” Бутунжаҳон кўргазмаси жорий йилнинг 1 октябрь куни очилган. Тадбир 2022 йилнинг 31 мартигача давом этади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 887
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×