Арзонлашаётган бензин, камаяётган жарималар, энг йирик ўрмондаги қирғин – янгиликлар дайжести

Жамият

image
Якунига етаётган 19 ноябрда Ўзбекистон ва халқаро майдонда қандай муҳим воқеликлар содир бўлди? Бугун кун нимаси билан эсда қолди? Тарих зарварақларига ўз муҳрини қўя олдими? QALAMPIR,UZ дайжестида куннинг энг муҳим хабарлари билан танишишингиз мумкин.

Жамият 

 Биржада бензин арзонлашди

Жорий йилнинг 18 ноябрь куни биржа савдоларида АИ-80 маркали автомобиль бензини нархи пасайди. Савдога қўйилган 4438,9 тн АИ-80 маркали бензин қўйилган бўлса шундан 3339,7 тн ёки 75 фоизи  сотилди. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси хабар берди.

Кўрилган амалий тадбирлар натижасида, 15 ноябрга нисбатан 18 ноябрь куни АИ-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача сотилиш нархлари 1 тоннаси 10 млн 129 минг сўмдан 9 млн 180,5 минг сўмгача пасайиб 9 фоизга арзонлашди.

Самарқандда таълим соҳаси мулозими пора билан ушланди

Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Самарқанддаги туманлардан бирида Халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари 300 доллар пора билан ушланди. Тезкор тадбир Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда прокуратура ва прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.

Тезкор тадбир чоғида вилоятдаги туманларнинг бирида халқ таълими бўлими мудири ўринбосари лавозимида ишловчи фуқаро Р.Т. хизмат мавқеидан фойдаланиб маҳаллий фуқародан туман мактабларининг бирига ўқитувчиликка ишга қўйишини ваъда қилиб ундан 300 АҚШ доллари миқдордаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шавкат Мирзиёев Россияга жўнаб кетди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан ташриф билан Россияга жўнаб кетди.

Москвадаги “Внуково-2” аэропортида давлат раҳбарини Россия Федерацияси Президенти ёрдамчиси Максим Орешкин ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Шундан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан музокара ўтказиш учун Кремлга йўл олди. Учрашувда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев келгуси йилда эса Брюсселга ташриф буюриши маълум бўлди.

Таъкидланишича, ташриф давомида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланиши режалаштирилган.  

Тошкентда бензин нархи танқид қилинган сурат “туғилдию бўғилди”

Бугун, 19 ноябрь куни Тошкентдаги автомобилга ёнилғи қуйиш шохобчаси олдида мамлакатда бензин нархи ошишига бағишланган граффит (кўча сурати) пайдо бўлди.

Сурат граффитлари билан танилиб бораётган inkuzart тахаллусли рассом томонидан чизилганди.

Пойтахтнинг Катта қани кўчасида чизилган суратда бензин нархининг ошиб бориши оддий ўзбекистонликларни “ўлдираётгани” акс этган. Рассомнинг янги асари ижтимоий тармоқларда тезкорлик билан машҳурликка эришди.

Сенат қатор қоидабузарликлар учун жаримани камайтириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Бугун, 19 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида “Транспорт ва молия соҳаларидаги айрим ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазолар либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Ушбу Қонун билан маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг хавфлилик даражасидан келиб чиқиб, мақбуллаштириш мақсадида 5 та модда санкцияси миқдори камайтирилмоқда. Хусусан, транспорт воситалари эгалари томонидан суғурта полисини олмаганлик ёки муддати ўтган суғурта полиси ёки суғурта полисида назарда тутилмаган шахс автотранспорт воситасини бошқарганлиги, йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан шуғулланганлиги, паспорт тизими қоидаларини бузганлиги, фуқаролар томонидан валюта қийматликларини ноқонуний олиш ёки ўтказиш учун жарима миқдори камайтирилмоқда.

Пасткаш эркаклари бор ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар ишлаётган жамиятнинг борлиги уятли – Кушербоев

Хабарингиз бор, бугунги кунда видеоси тарқалган халқ депутатлари Ўртачирчиқ туман кенгаши депутати Феруза Бабашева атрофидаги воқеалар диққат марказида бўлиб турибди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Феруза Бабашеванинг видеоси тарқалишига муносабат билдирди.

“Ўрта Чирчиқ тумани Кенгаши депутати билан содир бўлаётган воқеалар афсуски бизда ҳали ҳам одамларни обрўсизлантириш йўлида ҳар қандай пасткаш ва ноқонуний усулдан фойдаланиш мумкинлигини кўрсатмоқда. 

Ёмони шуки, бу қонун билан ҳимояланган шахсий ҳаёт дахлсизлиги тушунчасини амалда “0” қилишга уриниш бўлаётганини англатади. Ва афсуски, бу Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” деган шиорга мос олиб борилаётган ислоҳотларга нисбатан тамомила зид ҳаракатдир”, дейди Кушербоев.

Путин топшириғи: Ўзбекистон ва Россия ҳисоб-китобларда рублга ўтиши мумкин

Ўзбекистон ва Россия ўзаро ҳисоб-китобларда доллардан воз кечиб, рублга ўтиши мумкин.  

“Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Россия банки илк марта Ўзбекистон Миллий банки облигацияларининг рублдаги эмиссиясини рўйхатдан ўтказган. Облигацияларнинг умумий қиймати 15 млрд рублга тенг”, дейди Россия Федерацияси иқтисодий тараққиёт вазири Максим Решетников.

Олам

Россия беш давлат фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилди

Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги Президент Владимир Путиннинг топшириғига биноан Афғонистондаги россияликларни эвакуация қилиши ҳақида хабар берган эдик.

Россия Мудофаа вазирлигининг Афғонистондан фуқароларни эвакуация қилган самолёти Москва вилоятига қўнди. Аммо унда фақатгина россияликлар эмас, балки Арманистон, Беларусь, Украина ва Афғонистон фуқаролари ҳам эвакуация қилинди.

Туркияда ҳокимиятни ағдаришга уринган Гулен ўлдими?

2016 йилда Туркияда давлат тўнтариши ўтказишга уринган Фатҳуллоҳ Гулен ўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу хабарлар турк ОАВ томонидан тарқатилди. Гулен томонидан АҚШнинг Пенсильвания штатида ташкил этилган “Олтин авлод” ташкилоти раҳбариятига яқин манба эса бу маълумотларни рад этди.  

“Бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди, бу ёлғон”, деган манба. 

Ташкилот турк матбуоти тарқатган маълумотларга расман жавоб бермаган. Пенсильвания полицияси ҳам бу маълумотга изоҳ бера олмаслигини айтган.

49 кун: очлик эълон қилган Саакашвили ҳушини йўқотди 

Грузия қамоқхонасида очлик эълон қилган собиқ Президент Михаил Саакашвили адвокатлар билан учрашганда йиқилиб, ҳушидан кетди.

Басилаянинг сўзларига кўра, Саакашвили адвокатлар билан учрашиш учун бинодан чиқиб кетаётганда қоқилиб, йиқилиб тушган. 

“Йиқилганидан кейин у кўзини очмади ва ҳеч нарсага муносабат билдирмади”, дейди Басилая. 

Сўнг, АҚШ расмийларига ёрдам сўраб мурожаат қилди.

“Агар АҚШ мени ҳимоя қилиш учун келмаса, бу (собиқ СССР ҳудудидаги) барча сиёсатчилар ва ғарбпараст одамлар учун даҳшатли сигнал бўлади”, деган Саакашвили жорий йилнинг 17 ноябрь куни адвокатлар орқали йўллаган мактубида. 

Қозоғистонда ўзбекистонлик эркак ўқувчи қизга ҳужум қилди

Қозоғистоннинг Олма-ота вилоятида 39 ёшли Ўзбекистон фуқароси 6-синфда ўқийдиган қизга ҳужум қилди. 

Қайд этилишича, воқеа жорий йилнинг 16 ноябрь куни кўчада содир бўлган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода эркакнинг қизни узоқ вақт кузатиб юргани ва бирдан унга ҳужум қилгани акс этган.

Дунёнинг энг йирик ўрмонида “дарахтлар қирғини” рекорд даражага етди

2020 йилнинг август ойидан жорий йилнинг июль ойигача бўлган даврда Бразилиянинг ва дунёнинг энг йирик тропик ўрмони Амазонда 13,235 квадрат километр ўрмон кесилди.

Бразилия космик тадқиқотлар агентлиги (INPE) ҳисоботига кўра, ўрмонларнинг кесилиши йил давомида 22 фоизга ошган.

Спорт

Шахмат: “Президент кубоги” ғолиб ва совриндорлари қанча маблағ ишлаб олди?

Кеча, 18 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Халқаро шахмат академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган халқаро турнир ўз якунига етди. 

10 тур давом этган мусобақа якунида ғолибликни Россия Федерацияси вакили Санан Сюгиров қўлга киритди. У 10 имкониятдан 7,5 очко жамғаришга муваффақ бўлди. Худди шунча очко жамғарган америкалик шахматчи Ханс Ниеманн эса қўшимча кўрсаткичларга кўра 2-ўрин билан чекланди. Кучли учликка россиялик Максим Матлаков якун ясаб берди. У якунда 7 очко тўплади.

Алвешнинг “Барселона”даги “чой пули” маълум

Испаниянинг “Барселона” клуби билан шартнома имзолаган бразилиялик Дани Алвешнинг маоши арзимаган суммадан иборат бўлиши ҳақида хабарлар тарқалган эди.

“La Vanguardia” ва “Маrcа” нашрларининг ёзишича, бразилиялик футболчи йилига 155 минг евро ишлаб олади. Бу Ла лигада фаолият юритувчи профессионал футболчига тўлаш мумкин бўлган энг кам миқдордаги маош ҳисобланади.

МЮ раҳбарлари Сульшер билан учрашди

“Манчестер Юнайтед” бош мураббийи Оле Гуннар Сульшер жамоа раҳбарлари билан учрашди.

48 ёшли норвегиялик мутахассис Криштиану Роналду, Харри Магуайр, Бруно Фернандеш, Льюк Шоу, Виктор Линделёф ва Неманья Матич билан суҳбатлашиб, жамоа натижалари билан боғлиқ мураккаб вазиятни қандай ўзгартириш мумкинлиги ҳақида келишиб олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

53

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг