Тошкентда бензин нархи танқид қилинган сурат “туғилдию бўғилди”

Жамият 29392
image
-

Бугун, 19 ноябрь куни Тошкентдаги автомобилга ёнилғи қуйиш шохобчаси олдида мамлакатда бензин нархи ошишига бағишланган граффит (кўча сурати) пайдо бўлди.

Сурат граффитлари билан танилиб бораётган inkuzart тахаллусли рассом томонидан чизилганди.

Пойтахтнинг Катта қани кўчасида чизилган суратда бензин нархининг ошиб бориши оддий ўзбекистонликларни “ўлдираётгани” акс этган. Рассомнинг янги асари ижтимоий тармоқларда тезкорлик билан машҳурликка эришди.

Бироқ бу тезкор тарқалиш ортидан “вирус” суратга қарши “тезкор чора” ҳам кўрилди. Гап шундаки, бензин нархи ошишига бағишланган сурат ўчириб ташланди. Бироқ оҳак устидан қандай сурат чизилганини билиш мумкин, ҳозирча.

Қайд этиш керакки, бу inkuzart асарининг илк бор йўқ қилиниши эмас. Бундан аввал рассомнинг UzautoMotors монополиясига бағишлаб чизган граффити орадан кўп ўтмай ўчирилганди.

Ўзбекистонда бензин нархининг ошиб бориши киракашлик ортидан тирикчилик қиладиган аксар ўзбекистонликларни қийин аҳволга солиб қўйди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси нарх ошиши бўйича текширув ўтказиб, тез орада бензин арзонлашишини айтди. Кўп ўтмай биржада бензин нархи туша бошлади. Аммо бу ҳозирча “заправка”лардаги нархга таъсир қилганича йўқ. Қани энди, кўча сурати тезда йўқ қилинганидек, бензин нархи ҳам бир неча соатда арзонлаштириб қўйилса эди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1304
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×