49 кун: очлик эълон қилган Саакашвили ҳушини йўқотди 

Олам 5724
image

Грузия қамоқхонасида очлик эълон қилган собиқ Президент Михаил Саакашвили адвокатлар билан учрашганда йиқилиб, ҳушидан кетди. Бу ҳақда унинг ҳимоячиларидан бири Бека Басилая маълум қилди.  

Басилаянинг сўзларига кўра, Саакашвили адвокатлар билан учрашиш учун бинодан чиқиб кетаётганда қоқилиб, йиқилиб тушган. 

“Йиқилганидан кейин у кўзини очмади ва ҳеч нарсага муносабат билдирмади”, дейди Басилая. 

Унинг сўзларига кўра, Саакашвилини замбилда олиб кетишган. 

Саакашвилини текшириш учун таклиф қилинган реаниматолог Гулико Килифтарига кўра, собиқ Президент қамоқхона шифохонасининг реанимация бўлимида қолмоқда. Унинг аҳволи барқарорлашган. 

Маълумот ўрнида, Михаил Саакашвили жорий йилнинг 1 октябрь куни очлик эълон қилган эди. Шу куни у саккиз йил ичида мамлакатга қилган биринчи ташрифидан сўнг Грузияда чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбланиб, ҳибсга олинган. 8 ноябрдан бери Саакашвили қамоқхона шифохонасида. 

Аввалроқ, Грузия Жазони ижро этиш хизмати мамлакатнинг собиқ Президенти Михаил Саакашвилининг қамоқхонада очлик эълон қилгани ва Рустави колониясидан қамоқхона шифохонасига мажбуран ўтказилгани акс этган янги кадрларни эълон қилганди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 271
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×