“Сен Путиннинг қулисан”. Саакашвилининг қамоқдаги видеолари тарқатилди
Олам
−
15 Ноябрь 2021
21342Грузия Жазони ижро этиш хизмати мамлакатнинг собиқ Президенти Михаил Саакашвилининг қамоқхонада очлик эълон қилгани ва Рустави колониясидан қамоқхона шифохонасига мажбуран ўтказилгани акс этган янги кадрларни эълон қилди.
Саакашвилининг адвокатлари эълон қилинган кадрлар Грузиянинг учинчи Президентига нисбатан ғайриинсоний муносабатларни акс эттирган, деб ҳисоблайди.
Бироқ, расмийлар бу унинг ёмон хулқ-атвори ва ходимларга нисбатан ҳақоратли муносабатидан далолат беришини таъкидламоқда.
“Бизнинг мақсадимиз ҳар доим жамиятимиздан хабардор бўлиш ва ҳақиқатни билиш бўлган, ҳозир ҳам шундай ва шундай бўлиб қолади. Айнан шу мақсадда махсус жазони ижро этиш хизмати ушбу кадрларни эълон қилади”, дейди Грузия Адлия вазири Рати Брегадзе.
Расмийлар эълон қилган кадрлар жорий йилнинг 8 ноябрь куни Саакашвили айбланувчилар ва маҳкумлар учун 18-тиббий муассасага — Тбилиси туманларидан биридаги қамоқхона шифохонасига ўтказилганда олинган.
Видеолардан бирида бир неча эркак Саакашвилини машинадан тортиб олиб, қўл-оёғидан ушлаб коридор бўйлаб судраб кетаётганини кўриш мумкин. Худди шу ҳолатда уни палатага олиб келишган — бу вақтда у белигача яланғоч бўлган.
Эпизодлардан бирида собиқ Президент оқ халатдаги одамни палатадан итариб юборади. Бошқа бирида, Саакашвили ғазаб билан нимадир дегани ва қўли билан каравот ёнидаги столдан қандайдир жиҳозларни улоқтиргани акс этган. Кейинроқ жазони ижро этиш хизмати Саакашвили қамоқхона шифохонасига олиб кетилаётганда тез ёрдам машинасида суратга олинган видеони ҳам тарқатган.
Хизмат бундай кадрларни тақсимлаш учун бир хил аргументга эга — жамоатчилик қизиқиши.
“Кадрларда унинг муассаса ходимларининг қонуний кўрсатмаларига бўйсунмаётгани, ўзини агрессив тутаётгани ва уларни ҳақорат қилаётгани яққол кўриниб турибди”, дейилади видеога берилган изоҳда.
Кадрларда Саакашвили ўзига нисбатан қилинган муносабатдан ғазабланган, у Рустави қамоқхонасига қайтарилишини талаб қилган ва машинадан тушмаслигини айтган.
“Сен Путиннинг қулисан! Тинчланиш нима дегани! Путиннинг топшириғини бажаряпсан!”, дейди собиқ Президент уни тинчлантиришга ундаган одамга.
Адвокатларнинг сўзларига кўра, видеолар Саакашвилига қамоқхонада ғайриинсоний муносабатда бўлинаётганини исботлайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойи бошида ўз ватанига қайтган Саакашвили орадан кўп ўтмай ҳибсга олинди. Гап шундаки, унга нисбатан Грузияда бир нечта моддалар билан жиноят иши қўзғатилган. Бироқ, собиқ Президент бундан норози ва айнан шу сабаб ҳам очлик эълон қилиб, ўзини сиёсий маҳбус деб эълон қилган. Ўз навбатида, Давлат хавфсизлик хизмати вакили Михаил Саакашвили мамлакатда тўнтаришни режалаштираётганини айтган.
LiveБарчаси