Шахмат: “Президент кубоги” ғолиб ва совриндорлари қанча маблағ ишлаб олди?

Спорт 1293
image

Кеча, 18 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Халқаро шахмат академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган халқаро турнир ўз якунига етди. 

10 тур давом этган мусобақа якунида ғолибликни Россия Федерацияси вакили Санан Сюгиров қўлга киритди. У 10 имкониятдан 7,5 очко жамғаришга муваффақ бўлди. Худди шунча очко жамғарган америкалик шахматчи Ханс Ниеманн эса қўшимча кўрсаткичларга кўра 2-ўрин билан чекланди. Кучли учликка россиялик Максим Матлаков якун ясаб берди. У якунда 7 очко тўплади.

Ўзбекистонлик шахматчилар орасида энг яхши кўрсаткични қайд этган Жавоҳир Синдоров ҳам якунда 7 очко билан 5-ўринни эгаллади. Шунингдек, Акмал Файзуллаев ҳам 7 очко тўплаган ҳолда халқаро гроссмейстер талабини бажаришга муваффақ бўлди. “Президент кубоги” халқаро турнирида Нилуфар Ёқуббоева аёллар ўртасида гроссмейстер, эркаклар ўртасида FIDE устаси талабларини бажарди.

Мусобақада дунёнинг 9 та давлатидан жами 104 нафар шахматчи ғолиблик учун дона сурди.

Турнирнинг ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Туризм ва спорт вазири, Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов, Араб мамлакатлари шахмат федерацияси раиси Шайх Сауд Алмуалла, FIDE президенти ёрдамчиси Берик Балгабаев, FIDE турнирлар комиссияси раиси Ўзгур Солакоғлу, мусобақа бош ҳаками Ашот Вардапетян ва бошқалар иштирок этди.

“Шахмат ақл машқи сифатида инсонни руҳий камолотга етаклайди. Шу сабабдан, бугунги кунда ушбу спорт турини Ўзбекистондаги ҳар бир хонадон ва ҳар бир гўшага кириб боришини таъминлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Ва бу ислоҳотлар шунчаки спортчиларни тарбиялаш учун эмас, балки мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросининг ақлий салоҳиятини юксалтириш ва келажакда ҳар қандай соҳада ўз ўрнига эга бўлишида пойдевор бўлиши йўлида амалга оширилмоқда”, дейди Абдуҳакимов.

Шундан сўнг ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бошланди. Унда блиц турнир, қолаверса, 12 ёшгача бўлган ўсмирлар, 20 ёшгача бўлган шахматчилар, фахрийлар ҳамда аёллар йўналишидаги ғолиблар пул мукофотлари билан тақдирланди.

Мусобақанинг мутлақ ғолиби Санан Сюгиров 12 минг, 2-ўрин соҳиби Ханс Ниеманн 10 минг ва 3-ўринни эгаллаган Максим Матлаков 9 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотига сазовор бўлди.
 

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 15
Рейтинг: 2.9
t
×