Пасткаш эркаклари бор ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар ишлаётган жамиятнинг борлиги уятли – Кушербоев

Жамият 16790
image
-

Хабарингиз бор, бугунги кунда видеоси тарқалган халқ депутатлари Ўртачирчиқ туман кенгаши депутати Феруза Бабашева атрофидаги воқеалар диққат марказида бўлиб турибди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Феруза Бабашеванинг видеоси тарқалишига муносабат билдирди.

“Ўрта Чирчиқ тумани Кенгаши депутати билан содир бўлаётган воқеалар афсуски бизда ҳали ҳам одамларни обрўсизлантириш йўлида ҳар қандай пасткаш ва ноқонуний усулдан фойдаланиш мумкинлигини кўрсатмоқда. 

Ёмони шуки, бу қонун билан ҳимояланган шахсий ҳаёт дахлсизлиги тушунчасини амалда “0” қилишга уриниш бўлаётганини англатади. Ва афсуски, бу Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” деган шиорга мос олиб борилаётган ислоҳотларга нисбатан тамомила зид ҳаракатдир”, дейди Кушербоев.

Парламент депутати ким ва нима бўлишидан қатъий назар одамни синдиришда бундай усул қўллаш керакмаслигини таъкидлаган.

“Шу ўринда жамият ва яқинлари олдида депутат қанчалик маънан жавоб бераётган бўлса, шахсий ҳаёт дахсизлигини бузган шахслар ҳам қонун олдида шунчалик жавоб беришлари шарт.

Сўнгсўз шуки, пасткаш эркаклари бор ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар ишлаётган жамиятнинг борлиги уятли. Эркакларни уятга қўйманг “фаришта эркаклар!”, дея сўзини якунлаган Кушербоев.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда депутат Феруза Бабашева ва номаълум эркакнинг номақбул вазиятдаги видеоси тарқалди. Жамоатчилик шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузувчи видеолар тарқатилишини депутат аёлнинг шаъни ва обрўсига путур етказиш учун уюштирилганини айтиб, бу ишни қоралади.

Тошкент вилояти ИИББ ҳолатга муносабат билдириб, ҳолат “Хавфсиз тун” тадбири доирасида аниқланган ишратхонада тасвирга олинганини маълум қилди. Шунингдек, рейд вақтида олинган тасвирларни тарқатганларни аниқлаш ишлар бошланганини билдирди.

Кеча, 18 ноябрь куни халқ депутатлари Ўртачирчиқ туман кенгаши одоб комиссиясининг Феруза Бабашева иши кўрилиши керак бўлган мажлиси қолдирилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 616
Рейтинг: 3
t
×