Ҳиндистонда ҳам фермерлар оёққа турди (видео)
Олам
−
13 Февраль
7571Ҳиндистоннинг марказий Панжоб, Харьяна ва Уттар-Прадеш штатларидан келган фермерлар имтиёзлар талаб қилиб, ҳафта бошидан Нью-Деҳлида йирик норозилик юришини ўтказишни бошлади. Бу ҳақда "Hindustan Times" хабар бермоқда.
Аввалроқ намойишчилар Ҳиндистон ҳукумати вакиллари билан беш соат давом этган ва тунда якунланган музокаралар натижасидан қониқмаган. Унда республика Қишлоқ хўжалиги ҳамда Саноат ва савдо вазирликлари раҳбарлари Аржун Мунда ва Пиюш Гоял иштирок этган. Натижада баъзи келишувларга эришилган бўлса-да, фермерларнинг асосий талаби – бўлажак ҳосил учун минимал қўллаб-қувватлаш нархларини кафолатловчи қонунни қабул қилиш бўйича келишувга эришилмаган.
"Икки йил олдин ҳукумат талабларимизнинг ярмини қондиришга ваъда берган эди. Биз муаммони тинч йўл билан ҳал қилмоқчи эдик, лекин ҳукумат самимий эмас. Улар шунчаки вақтимизни беҳуда ўтказмоқчи", деган фермерлар вакили Сарван Сингх Пандҳер журналистларга.
Қишлоқ хўжалиги ишчиларининг ҳаракати туфайли Нью-Деҳли полицияси хавфсизлик чораларини кучайтирди. 12 февраль, душанбадан бошлаб пойтахтга кириш чекланди, унинг чегараларида баррикадалар ўрнатилди, тракторлар ўтиши тақиқланди. Чекловлар туфайли Деҳлининг бир қанча туманларида йўлларда километрлик тирбандлик юзага келди.
Полиция буйруғига кўра, ёнувчан моддалар, шунингдек, қўлбола қуроллар, ғишт ва тошларни олиб ўтиш тақиқланган. Шунингдек, бензин қутилари ва бўш идишларини олиб юриш, карнайлардан фойдаланиш мумкин эмас.
Қўшимча равишда, расмийлар кейинги ойгача беш ёки ундан ортиқ одамнинг йиғилишини ҳам чеклади. Мобиль алоқа блокланиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, бир неча ойлардан бери Европада давом этаётган намойишлар фонида немис, француз, юнон ва бошқа кўплаб ЕИ давлатлари фермерларига қўшилиб, Германияда темирйўлчилар ҳам бош кўтарди. Франция ҳукумати хавфсизлик чораларини кучайтириши ортидан эса фермерлар пойтахтни тракторлар билан тўсиб қўйди. Бу вазият ўз навбатида мамлакатдаги озиқ-овқат инқирозига сабаб бўлди, ҳатто экофаоллар Луврдаги “Мона Лиза” ва Лион тасвирий санъат музейидаги француз импрессионист рассоми Клод Моненинг “Баҳор” картинасига шўрва улоқтиришгача борди. Янги Бош вазир Габриэль Атталь эса тез орада фермерларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун қарорлар қабул қилинишига ваъда берди. Польшадаги норози фермерлар эса Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен учун дор ҳам ўрнатди.
LiveБарчаси