“Z” авлоднинг намойишлари ортида яширинган капитализм ва демократия инқирози
Таҳлил
−
22:03 361 7 дақиқа
Бугун дунёнинг турли нуқталарида бир-биридан минглаб километр узоқликда яшайдиган, турли тилларда гаплашадиган ва турли сиёсий тизимларда вояга етган ёшларни бир умумий кайфият бирлаштирмоқда – норозилик. Париж, Мадрид, Белград, Катманду ёки Найроби кўчаларида янграётган шиорлар ортида фақат ҳукуматларга қарши ғазаб эмас, балки бутун бир авлоднинг келажакка нисбатан сўниб бораётган ишончи ҳам мужассам. Уй-жойнинг қимматлиги, ишсизлик, коррупция, сиёсий элитага ишончсизлик ва ижтимоий тенгсизлик каби муаммолар бугун уларни виртуал оламдан реал ҳаётга чиқишга мажбур қиляпти.
Хўш, зумерлар ўзи нима истамоқда?
“Очкўзликка” қарши кураш
Коррупция – бугун зумерларни кўчага чиқишга мажбур қилаётган, уларнинг демократияга, ҳукуматга, умуман, келажакка ишончини сусайтиришига сабаб бўлаётган муаммолардан бири. Чунки ёшлар учун амалдорларнинг давлат бюджетини ўзлаштириши шунчаки молиявий жиноят эмас, балки уларнинг келажагидан ўғирланган имкониятлар демакдир. Давлат хазинасидан миллионлаб долларлар мансабдорларнинг “чўнтагига оқиб кетаётгани” ортидан мактаблар таъмирталаб, шифохоналар маблағсиз, ёшлар эса муносиб иш ва уй-жой топиш илинжида сарсон бўлиб қолмоқда. Бундай манзара жамиятда адолатсизлик ҳиссини кучайтиради. Оддий фуқаро кун кечиришга қийналаётган бир пайтда давлат амалдорларининг ҳашаматга бурканиб яшаши, устига-устак, буни кўз-кўз қилиши айниқса ёшларнинг кўнглида исёнкор руҳни уйғотади.
2025 йилда Непалда бошланган ёшлар норозилигига айнан шундай тафовутлардан бири туртки бўлган эди. Сиёсатчиларнинг фарзандлари – интернетда “непо кидс” деб аталадиган ёшларнинг қимматбаҳо совғалар, ҳашаматли автомобиллар ва дабдабали турмуш тарзини намойиш этиши ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлган. Бир томонда ишсизлик ва иқтисодий беқарорликдан азият чекаётган ёшлар, иккинчи томонда эса сиёсий алоқалар орқали имтиёзлардан фойдаланаётган элита вакиллари. Бу тасвирлар шунчаки ҳасад эмас, балки мамлакатдаги имкониятлар кимлар учун яратилаётгани ҳақидаги жиддий саволни кун тартибига олиб чиқди. “Journal of Democracy” таҳлил маркази маълумотига кўра, Непалда ёшлар ишсизлиги қарийб 20 фоизни ташкил этган. Бундай шароитда сиёсий элитанинг дабдабали ҳаёти ва оддий аҳолининг кундалик муаммолари ўртасидаги тафовут норозилик учун кучли омилга айланган.
Индонезияда эса норозиликларга парламент аъзоларига бериладиган имтиёзлар сабаб бўлди. Парламентарийларга ажратилган ойлик уй-жой компенсацияси мамлакатдаги энг кам иш ҳақидан бир неча баробар юқори экани ҳақидаги хабарлар жамоатчиликнинг кескин норозилигини келтириб чиқарди. Давлат вакиллари иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечираётган фуқароларнинг вакили бўлиш ўрнига, ўзлари учун алоҳида қулайликлар яратмоқда, деган қараш кучайди. Натижада ижтимоий тармоқларда бошланган норозилик кўчаларга кўчди.
Сербияда эса коррупция ва давлат назорати масаласи инсонлар ҳаёти билан боғлиқ фожиа ортидан янада кескинлашди. 2024 йил 1 ноябрь куни Нови-Сад темир йўл вокзалидаги бетон соябоннинг қулаши оқибатида 14 киши ҳалок бўлди, кейинчалик қурбонлар сони 15 нафарга етди. Талабалар ва бошқа намойишчилар фожиага қурилиш ва таъмирлаш жараёнларидаги коррупция, назоратнинг сустлиги ҳамда мансабдорларнинг масъулиятсизлиги сабаб бўлганини таъкидлаб, айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилди.
Бу мисолларнинг барчасида умумий жиҳат бор: ёшлар фақат ўғирланган пул ёки мансабдорларнинг ноқонуний имтиёзларига қарши чиқмаяпти. Улар коррупция туфайли ўзларига тегишли бўлиши керак бўлган имкониятлардан маҳрум этилаётганини ҳис қилмоқда. Чунки давлат маблағлари талон-торож қилинса, бунинг оқибатини охир-оқибат оддий фуқаро сифатсиз таълим, қиммат тиббий хизмат, ишсизлик ва хавфсиз бўлмаган инфратузилма шаклида тўлайди. Зумерлар учун эса бу шунчаки бугунги кун муаммоси эмас – уларнинг эртанги ҳаётига қўйилган тўсиқдир.
Геронтократия ва ижтимоий давлат инқирози
Яна бир муҳим муаммо – сиёсий тизимларда геронтократиянинг, яъни давлат бошқарувида катта ёшли авлод вакилларининг устунлиги ва ёшларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидан четда қолишидир. Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида аҳолининг катта қисмини ёшлар ташкил этса-да, уларнинг тақдири ва келажагига бевосита таъсир қиладиган қарорларни асосан анча катта ёшдаги сиёсий элита қабул қилади. Муаммо раҳбарларнинг ёши катталигида эмас, балки ҳокимиятнинг бир авлод қўлида узоқ вақт тўпланиб қолиши, янги қарашлар ва ёшларнинг сиёсий вакиллиги учун етарли имконият яратилмаётганидадир. Натижада ёшлар ўз ҳаётига дахлдор масалаларда ҳам овозлари эшитилмаётганини, сиёсий тизим эса уларнинг эҳтиёжларига мослашишни истамаётганини ҳис қиляпти.
Геронтократик (қариялар ҳокимияти) сиёсий тизимлар ёш авлодни ўз ҳаётига таъсир қилувчи қарорлар қабул қилинадиган сиёсий майдондан четлаштиради. Бунинг оқибатида сиёсат ёшларга имконият ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган восита эмас, балки ўзгариши қийин бўлган ёпиқ тизимдек кўрина бошлайди. Бугун намойишлар ичида қолган давлатларга қарасак ҳам, 30 ёшгача бўлган аҳоли ҳокимиятдан кўп ҳолларда узилиб қолганини кўришимиз мумкин. Жумладан, Италияда Депутатлар палатасида 30 ёшгача бўлган вакиллар атиги 1,25 фоизни ташкил этади. Сенатда эса бу кўрсаткич ноль. Статистик маълумотларга кўра, Италияда сенаторларнинг ўртача ёши 55,76 ни ташкил этади. Испанияда ҳам вазият худди шундай: мамлакат парламентида депутатларнинг ўртача ёши 51,5 ёш. 30 ёшгача бўлганлар эса атиги 2 фоиз, холос. Португалия ва Франция парламентларида депутатларнинг ўртача ёши нисбатан пастроқ – 49,3 ёш бўлса-да, бироқ 30 ёшгача бўлганлар улуши Португалияда 6,09, Францияда 5,37 фоизни ташкил этади, холос.
“Inter-Parliamentary Union” маълумотларига кўра, 2026 йил ноябрь ҳолатида Европа парламентларидаги 10 571 ўриннинг атиги 3,3 фоизини 30 ёшгача бўлган депутатлар эгаллаган. 40 ёшгача бўлганлар улуши эса 20,46 фоизни ташкил этади. Демак, парламентлардаги ҳар беш депутатдан фақат биттаси 40 ёш ёки ундан кичик. Яъни деярли бутун Европа ёшлари сиёсий тизимдан узилиб қолган, демократия, яъни халқ ҳокимияти энди улар учун улуғлашга арзигулик тизим эмас.
Яна бир жиддий омил – ижтимоий давлат моделининг заифлашуви. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европада шаклланган ижтимоий давлат концепцияси фуқароларга сифатли таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя ва муносиб турмуш шароитини таъминлашни давлатнинг муҳим вазифаси сифатида белгилаган эди. Бундай тизимда инсоннинг келажаги фақат оиласининг бойлиги ёки шахсий имкониятларига боғлиқ бўлиб қолмаслиги керак. Аммо сўнгги йилларда давлат харажатларини қисқартириш, давлат хизматларининг молиялаштирилишини чеклаш ва айрим соҳаларни хусусийлаштириш натижасида бу кафолатлар тобора заифлашмоқда. Бунинг оқибатида яхши таълим ва тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти кўпроқ пули бор қатламлар учун қулайлашиб, кам даромадли оилалар фарзандлари эса янада қийин шароитда қолмоқда.
Бристоль университети Халқаро давлат ва ижтимоий сиёсат йўналиши катта ўқитувчиси Оскар Берглунднинг “Нега “Gen Z” исён кўтармоқда?” сарлавҳаси остида эълон қилинган таҳлилида ҳам Европадаги янги норозиликлар айнан ижтимоий давлат имкониятларининг қисқариши ва авлодлараро тенгсизлик билан боғланади. Масалан, Францияда 2026 йил кузидаги намойишлар мактабларнинг етарлича молиялаштирилмаётгани ва таълим шароитларининг ёмонлашувига қарши бошланди. Испанияда эса уй-жой муаммоси ёшларнинг асосий норозилик сабабларидан бирига айланган.
.jpg)
Бошқача қилиб айтганда, Ғарб капитализми ижтимоий ҳимоя тизимини бўғиб қўймоқда. Дунё ресурслари ва мавжуд капиталнинг аллақачон бир гуруҳ инсонлар қўлида тўпланиб қолиши, давлатларнинг ижтимоий соҳаларга муносабатининг пасайиши оқибатида ёшларнинг муваффақиятли келажакка бўлган умиди тобора сўнмоқда. Негаки, муваффақиятга эришиш учун инсонга яхши таълим, соғлиқ ва шу каби элементар ресурслар керак. Аммо бугун Европада буларнинг барчасидан фойдаланиш имконияти ҳамма учун бирдек эмас.
Бундай шароитда ёшлар икки томонлама босим остида қолмоқда: бир томондан, иқтисодий имкониятлар чекланмоқда, иккинчи томондан эса ушбу муаммоларни ҳал қилиши керак бўлган сиёсий тизимда уларнинг таъсири деярли сезилмайди. Натижада сиёсий партиялар, парламент ва давлат институтларига ишонч пасайиб, сайловларда қатнашиш ёки анъанавий сиёсий фаолият орқали ўзгариш қилишга бўлган иштиёқ сусаяди. Энг қизиғи, сиёсий жараёнлардан узоқлашган бу авлод муаммоларини ҳал қилиш учун айнан сиёсий майдонга чиқишга мажбур бўлмоқда.
Шу маънода, зумерлар намойишларини маълум воқеалар ёки кичик келишмовчиликлар ҳосиласи дейиш нотўғри. Бу авлоднинг бир олам орзулари ва яна худди шунча дарди бор, дейиш мумкин.
Live
Барчаси