Ноқонуний олтин конини сув босди: 13 киши ҳалок бўлди (видео)

Олам

−

visibility4770 timer2 дақиқа

image

Индонезияда ноқонуний олтин конини сув босиши оқибатида 13 нафар кончи ҳалок бўлди. Қутқарувчилар яна 13 нафар кончини қидиришни давом эттирмоқда. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Қайд этилишича, воқеа Ғарбий Ява провинциясининг Богор ҳудудида юз берган. Жорий йилнинг 23 ноябрь куни кечқурун кончилар олтин зарраларини қазиб олаётган вақтда кучли ёмғир ёғиб, Чисереуҳ дарёси тошган. Оқибатда дарё сувлари кон шахтасига кириб, тахминан 100 метр чуқурликдаги қазилма ҳудудини сув босган. Сув шахтани тўлдиришидан олдин коннинг бир қисмида ишлаётган бир неча киши ташқарига чиқишга улгурган.

Расмийларнинг айтишича, кончилар ноқонуний ишлагани сабабли ҳодиса ҳақида тегишли идораларга дарҳол хабар берилмаган. Дастлаб маҳаллий кончилар ва аҳоли сувни насослар ёрдамида мустақил чиқаришга уринган. Бироқ вазият назоратдан чиққан.

Полицияга кон ичида одамлар қолиб кетгани ҳақида сув тошқинидан тахминан 16 соат ўтиб хабар берилган. Давлатга қарашли PT Antam кон компанияси эса жорий йилнинг 24 ноябридан 25 ноябрга ўтар кечаси Жакарта қидирув-қутқарув агентлигига расмий мурожаат юборган. Шундан сўнг, кенг кўламли қутқарув ишлари бошланган.

Қутқарувчилар шахтадаги сувни чиқариш учун сув остида ишлайдиган насослардан фойдаланмоқда. Шунингдек, ерости сувлари кираётган тешикларни беркитишга ҳаракат қилинмоқда.

Бугун, 26 ноябрь куни ўтказилган қидирув ишларига 325 нафар ходим жалб этилган. Улар ёнма-ён жойлашган иккита шахтада арқонлар ёрдамида қутқарув ишларини олиб бормоқда.

Маълумот учун, Индонезияда ноқонуний кончилик кенг тарқалган бўлиб, минглаб одамлар хавфли шароитларда ишлайди. Бундай конларда кўчкилар, сув тошқинлари ва шахталарнинг қулаб тушиши каби ҳодисалар тез-тез учрайди. Олтинни қайта ишлашда эса ҳимоя воситаларисиз заҳарли симоб ва цианиддан фойдаланиш ҳолатлари ҳам кузатилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Колумбиянинг жануби-ғарбидаги Нариньо провинциясида рухсатсиз фаолият юритаётган очиқ олтин кони қулаши оқибатида камида 14 нафар кончи ҳалок бўлиб, яна 7 киши жароҳатланган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг