Бахмут тўлиқ босиб олинди – Пригожин (видео)
Олам
−
20 Май 2023
23655“Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин бугун, 20 май куни Бахмут шаҳрининг тўлиқ босиб олинганини даъво қилиб чиқди. Бу ҳақда “Медуза” хабар берди.
Пригожиннинг айтишича, бугун, маҳаллий вақт билан 12:00 лар атрофида шаҳарда Украина Қуролли кучлари назортати остидаги сўнгги кўп қаватли бино эгалланиши билан ҳудуд тўлиқ россияликлар қўлига ўтган. Шунингдек, у операция қийин кечгани ва уни амалга ошириш учун 224 кун вақт кетганини таъкидлаган.
Украина томони ҳозирча шаҳарнинг эгаллангани ҳақидаги мазкур иддаога муносабат билдирмади. Бироқ бундан аввал ҳам шаҳарнинг эгаллангани ҳақидаги даъволар янграган эди. Жумладан, шу йилнинг апрель ойи бошларида Россия қуролли кучлари шаҳар маъмурий биносида Россия байроғини кўтарганини айтганига жавобан, Украина томони руслар “қандайдир ҳожатхона” устида байроқ кўтарганини маълум қилганди.
Маълумот учун, Бахмут Украина урушининг энг қонли жангларига гувоҳ бўлиб келмоқда. Унда ҳар икки томон катта қурбонлар эвазига шаҳардаги назоратни қўлга олишга интиляпти. Яқинда Пригожин Бахмутда ҳалок бўлган ёлланма аскарларни тасвирга олиб, жангчиларга ўқ-дори мутлақо етишмаётгани, улар бекорга тайёр “гўшт”га айланиб қолаётганини таъкидлаган, ҳатто, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳамда Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовларнинг номига “таржима қилиб бўлмайдиган” сўзларни ёғдирганди. Кўп ўтмай эса худди шундай сўзлар Путин номига ҳам айтилган эди. Пригожин талаб қилинган ўқ-дори ва қуроллар етказиб берилмаса, 10 май куни Бахмутни тарк этиб назорат остидаги позицияларни Россия мунтазам армиясига топширишини айтган ва бу билан Путинга ультиматум қўйган эди. Бироқ, кейинроқ у фикридан қайтганди. 9 май куни берилган баёнотда эса “Путиннинг ошпази” Украина ҳарбийлари Бахмут йўналишида қанотларни ёриб ўтаётгани ва улар яқин орада қарши ҳужумга ўтиб кетиши мумкинлигини маълум қилганди. Кейинроқ тарқалган хабарларда Пригожиннинг Украина разведкаси билан Бахмут масаласида келишмоқчи бўлгани, шаҳардаги кучларини олиб чиқиши эвазига Украинага Россия ҳарбийларининг жойлашган нуқталари ҳақидаги муҳим маълумотларни ошкор қилмоқчи бўлгани айтилди. Бироқ кейинчалик Россия томонидан бу хабар рад этилди.
LiveБарчаси