Жазоланган банклар, Президент оиласининг фестивалдаги иштироки, иссиқ сувдан узилаётган Тошкент ва бошқа хабарлар
Жамият
−
27 Август 2019
21834Қуйида якунига етаётган 27 августнинг энг муҳим ва қизиқарли хабарлари билан танишинг.
Тез тиббий ёрдам автомобиллари ҳайдовчиларининг маоши оширилди
“Автомобиль транспорти ҳайдовчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг умумий шартлари тўғрисидаги низомнинг 1-иловасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мазкур ҳужжат билан тиббий хизмат автомобиллари ҳайдовчиларининг ойлик иш ҳақи оширилиши назарда тутилди.
Тошкентда иссиқ сув таъминоти 2 ой давомида ўчирилади
Жорий йил 9 сентябрдан 11 октябрга қадар Тошкент шаҳридаги иссиқлик марказлари фаолиятини режали тўхтатиш режалаштирилган бўлиб, фойдаланувчилар 5 кун давомида иссиқ сув билан таъминланмайди.
Аи-91 бензин яна қимматлади
Жорий йилнинг 19-23 августларида ўтказилган биржа савдо якунларига кўра, ЎзРТХБ АЖ биржа савдоларига жами 1910,0 тонна Аи-91 автомобиль бензини қуйилди. Жумладан, “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ биржа савдоларига 1590,0 тонна, ва “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ 320,0 тонна Аи-91 бензинини сотув учун қўйишди. Сотувчи томонидан белгиланадиган Аи-91 бензин учун бошланғич нарх, унинг бир тонна учун 6 млн 216,4 минг сўмни ташкил этди.
Аи-91 русумли бензиннинг ҳафталик котировкаси унинг амалдаги бошланғич нархига нисбатан 2,5 фоизга ўсиб, бир тонна учун 6 млн 370,9 минг сўмни ташкил этди.
Андижонда чақалоқ дори йўқлигидан комага тушдими?
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Пахтаобод туманилик З.Зайнобиддиновнинг жорий йилнинг 17 июлда туғилган жияни Абдулазиз Исомиддиновга тиббиёт муассасасида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмагани туфайли бола комага тушгани ҳақида мурожаати тарқалди.
Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур вазиятни ўрганиб чиққан. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Ўтмишни оқ-қора рангга бўяб, ҳукм чиқариш учун мен ким бўлибман – Лола Каримова
2016 йилнинг 28 августи. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги тантаналари арафасида Вазирлар Маҳкамаси мамлакатни 27 йил давомида бошқариб келган Президенти Ислом Каримовнинг бетоблиги, шифохонада даволанаётгани ва мутахасислар фикрига кўра, тўлиқ тиббиёт кўригидан ўтиш ва даволаниш учун маълум вақт кераклиги ҳақида расмий ахборот эълон қилганди. Орадан кўп ўтмай, 2 сентябрь куни Ислом Каримов 78 ёшида вафот этди. У ўзи туғилиб ўсган диёр – Самарқанд заминига дафн этилди.
Лола Каримова отасининг вафоти куни яқинлашгани сари, қалб оғриғи кучайишини айтади. Лоланинг фикрича, отасининг меҳнатлари беҳуда кетмаган.
Аукцион ғолибига ер бериш тартиби осонлаштирилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда арихитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 октябрдан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, ҳокимларнинг аукцион ғолиби номига ер участкасини ажратиш бўйича қарор қабул қилиши тўғрисидаги талаб бекор қилинади/
Зеленский Бош вазирни танлади
Украина Президенти Владимир Зеленский Бош вазир лавозимига ўз маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Алексей Гончарук номзодини кўрсатди. Ҳозирда амалдор Зеленскийнинг иқтисодий масалалар бўйича амалий ташрифлари ва йиғилишларида унга ҳамроҳлик қиляпти. Президент администрациясига уни офис раҳбари Андрей Богдан олиб келган.
Ўзбекистонда парламент сайлови бошқача тизимда ўтказилади
Ўзбекистонда сайлов жараёнлари пропорционал тизимда эмас, балки мажоритар сайлов тизимида ўтказилади. Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайлов ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.
Президент Хавфсизлик кенгаши аппарати, ДХХ раиси билан йиғилиш ўтказди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 27 август куни Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган ишчи йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати, Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раҳбарияти, шунингдек, ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги иштирок этди.
Президент оиласи ҳам “Шарқ тароналари” очилиш маросимида иштирок этди
Хабарингиз бор, кеча, 26 август куни Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Фестивалнинг очилиш маросимида иштирок этиш учун Президенти Шавкат Мирзиёевнинг оила аъзолари – рафиқаси, Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева, қизлари Саида Мирзиёева, Шаҳноза Мирзиёева ва ўғли, набираси Миромон, куёвлари Ойбек Турсунов ва Отабек Умаров ҳам Самарқандга борган.
Марказий банк “Ипотека-банк”, “Халқ банки”, “Давр-банк”ни жаримага тортди
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки жорий йилнинг июнь-июль ойларида банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар доирасида айрим банкларда ўрганишлар ўтказди. Ўрганишлар натижасида улар томонидан банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари аниқланган.
Хусусан, “Ипотека-банк” АТИБ ва “Халқ банки” АТБларнинг тарифларида қонун ҳужжатлари билан мижозлардан ундирилиши тақиқланган комиссия тўловлари мавжуд бўлса, “Давр-банк” ХАТБ ўз фаолиятида мижозларга банк хизматларини кўрсатиш жараёнида қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмаслик ҳолатларига йўл қўйилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь