Андижонда чақалоқ дори йўқлигидан комага тушдими?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Пахтаобод туманилик З.Зайнобиддиновнинг жорий йилнинг 17 июлда туғилган жияни Абдулазиз Исомиддиновга тиббиёт муассасасида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмагани туфайли бола комага тушгани ҳақида мурожаати тарқалди. 

Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур вазиятни ўрганиб чиққан. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.

“Исомиддинов Абдулазиз жорий йилнинг 17 июль куни Пахтаобод тумани туғруқ комплексида туғилган. Онасининг ушбу чақалоққа ҳомиладорлик даври сурункали камқонлик ва ҳомиладорлик токсикози билан оғир ўтган. Шифохонада туғруқ жараёнида ва туғруқдан кейин она-болага малакали тиббий ёрдам кўрсатилган.

Чақалоқ туғруқдан кейин она сути билан озиқлантирилган. Боланинг аҳволи талаб даражасида бўлгани учун туғруқ мажмуасида тегишли эмлаш муолажаларини барчасини олган. 22 июль куни малакали мутахассислар иштирокида кўрикдан ўтказилганда боланинг аҳволи қониқарли баҳоланган ва ҳудуд патронаж ҳамшираси Н.Аҳмедова ҳамроҳлигида уйига рухсат берилган.

Бироқ, орадан бир ой ўтмасдан, шу йил 20 август куни бола Пахтаобод тумани тиббиёт бирлашмаси болалар шошилинч реанимация бўлимига талваса тутиши, эмишдан бош тортишга шикоят билан олиб келинган. Бемор зудлик билан тиббий кўрикдан ўтказилиб, муолажа тайинланган. Шу билан бир қаторда, санитар авиация йўналишида вилоятдаги малакали невропатолог ва окулистлар ҳам болани кўрикдан ўтказган. Айни пайтда бола реанимация муолажаларини давом эттираяпти.

Шу ўринда айтиш керакки, чақалоқнинг бундай хасталикка чалинишига яъни, марказий нерв системасида қон айланишининг бузилишига мурожаатда айтилганидек витамин К олмагани сабаб бўлмаган. Бунга болада уй шароитда ичак инфекцияси юзага келгани асосий сабаб бўлиши эҳтимоли юқори. Шунинг ҳисобига қорин соҳасида кучли оғриқ бўлган ва талваса синдроми кузатилган. Бу эса дастлабки хулосаларга кўра, мияда қон айланиш системасининг бузилишини юзага келтирган. Натижада бош мияда қон босими ортиб, боланинг аҳволи оғирлашган. Ушбу ҳолат бўйича боланинг ота-онаси ва қариндошларига тушунтириш берилди.

Бундан ташқари, тиббиёт муассасасида ўтказилган ўрганишлар жараёнида наркоз учун ишлатиладиган дори-дармонлар ва бошқа зарур шифо воситалари танқислиги ҳолати аниқланмади”, дейилади вазирлик хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Андижон

Баҳолаганлар

72

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг