Ўзбекистонда парламент сайлови мажоритар тизимда ўтказилади

Жамият

image

Ўзбекистонда парламент, вилоят, шаҳар ва туман кенгашларига сайловлар жорий йилнинг 22 декабрь куни ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати хабар берди.

МСК айрим ОАВларда тарқалган, сайлов жараёнлари аввалги сайловлардагидек пропорционал тизимда ўтказилиши ҳақидаги хабарларни рад этди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда сайлов жараёнлари пропорционал тизимда эмас, балки мажоритар сайлов тизимида ўтказилади. Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайлов ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида ўтказилади.

Сайлов Кодексининг 36-моддасига асосан Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги уларнинг ваколатлари муддати тугашидан камида уч ой олдин Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига биноан эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Марказий сайлов комиссияси сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилиш борасида оммавий ахборот воситаларини олдиндан хабардор қилади.

Маълумот учун, айни вақтда Ўзбекистонда қуйидаги партиялар рўйхатдан ўтган: Халқ демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ва Экология партияси.


Мақола муаллифи

Теглар

сайлов

Баҳолаганлар

79

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг