Жээнбеков Ўзбекистон билан чегарадош Боткенга бориб, чегарачилар билан овқатланди
Олам
−
13 Август 2020
10613Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков мамлакатнинг муаммоли ҳудудларидан бири бўлган Боткен вилоятига бориб, аҳоли билан учрашди, ижтимоий лойиҳалар билан танишди. Президент чегарачилар билан мулоқотда бўлиб, улар билан тушлик қилди.
Боткен Қирғизистоннинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, у 1999 йилда Ўш вилояти таркибидан ажралиб чиққан ва вилоят мақомини олган. Вилоят ҳудудида 3 туман, 4 шаҳар, 5 шаҳарча ва 189 қишлоқ, 30 овул ҳукумати мавжуд. Вилоят маркази Боткен шаҳри.
Вилоят жануби-ғарбий ва шимоли-ғарбида Тожикистон, шимолида Ўзбекистон, шарқида Ўш вилояти билан туташган. Вилоят ҳудудида бошқа давлатларга тегишли бир қанча анклавлар мавжуд. Майдони 17, 0 минг км2 ёки республика ҳудудининг 8,5% ни ташкил қилади. Аҳолиси 401,3 минг киши. Бу ерда асосан қирғиз, ўзбек, тожик ва турк миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади.
Охирги вақтларда Боткен Қирғизистоннинг энг можароли ҳудудларидан бири бўлиб турибди. Бир неча бор Тожикистон билан чегара ҳудудида аҳоли ва чегарачилар ўртасида тўқнашув содир бўлди, қон тўкилди.
Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани Чашма қишлоғи аҳолиси ва Қадамжой туманидаги Чечма қишлоғи аҳолиси ўртасида рўй берган тўқнашув эса муроса йўли билан ҳал этилди. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ушбу қарор билан 2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди. Кеча, 12 август куни мамлакат Бош вазири Абдулла Арипов яни Сўх туманига бориб, аҳоли вакиллари, тумани фаоллари билан учрашди.
Қирғизистон Президенти Боткен вилоятига ташрифида Боткен шаҳрида таъмирланаётган Боткен вилояти шифохонасининг юқумли касалликлар бўлими биноси, бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишди. У шунингдек, Боткен вилоятида чегарачилар учун қурилиши режалаштирилган янги турар-жой биносига таъмал тоши қўйди. У чегарачилар билан оқватланиб, улар билан гаплашди.
У Ўзбекистон билан чегарадош Қадамжой туманида ҳам бўлиб, соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш намунаси билан танишди. Шундан сўнг, Президент аҳоли билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини эшитган, саволларига жавоб берган.
Сооронбай Жээбеков олис аҳоли пунктлари инфратузилмасини яхшилаш, ижтимоий объектлар қуриш ва ички йўлларни таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаган.