Бош вазир: “Сўх бўйича ҳеч бир топшириқ ”қоғоз“да қолмайди”
Жамият
−
13 Август 2020
5710Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Фарғона вилоятининг Сўх туманига боргани ва фаоллар билан йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.
Йиғилишда Президентнинг жорий йил 8 августда қабул қилинган “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалар муҳокама этилди.
Қарор билан тасдиқланган 2020-2021 йилларда Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларининг манзилли дастурига 146 та лойиҳа киритилган бўлиб, 639 миллирад сўм маблағ сарф этилади. Мазкур ишлар натижасида 11 мингдан ортиқ аҳоли учун янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Биргина саноат, хизматлар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича 95 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 5 000 та янги иш ўринлари яратилади.
Йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш борасида 160 км шағал қопламали йўлларни цементобетон қопламага ўтказиш ва асфальт қоплама ётқизиш, 106 км тупроқ йўлларни шағал қопламага ўтказиш ва 40 км цементобетон пиёдалар йўлакларини қуриш белгиланган. Туман марказида Ровон шаҳар бош режасига мувофиқ ҳар бири 30 хонадонли 7 та 5 қаватли уй-жойлар қурилади.
Республика ишчи гуруҳи томонидан мутасадди раҳбарлар иштирокида Дастур доирасида амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳанининг ўз муддатида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш ва бажарилган ишларни мунтазам муҳокама қилиб бориш топширилди.