Арипов Қирғизистонга бориб Жапаров билан кўришди
Жамият
−
10:23 2160 1 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кеча, 22 июнь куни Қирғизистонга бориб, Чўлпон-Ота шаҳрида Президент Садир Жапаров қабулида бўлди. Бу ҳақда қирғиз матбуоти ёзмоқда.
Садир Жапаров мамлакатга амалий ташриф билан келган Ўзбекистон Бош вазири билан қирғиз-ўзбек ҳамкорлигининг долзарб масалаларини муҳокама қилиб, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратган.
Давлат раҳбари Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик доирасида жадал ривожланиб бораётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, ҳукуматлараро комиссиянинг бўлажак йиғилиши қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суришда муҳим босқич бўлади.

Ўз навбатида, Абдулла Арипов Садир Жапаровга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказган ва икки давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларни бундан кейин ҳам амалга оширишга тайёрлигини билдирган.
Учрашув якунида томонлар яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, икки мамлакат фуқаролари фаровонлигини ошириш ва Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишига қаратилган қўшма лойиҳаларни ривожлантириш ниятини тасдиқлаган.
Маълумот учун, бугун, 23 июнь куни Чўлпон-Ота шаҳрида Икки томонлама ҳамкорлик бўйича қирғиз-ўзбек Ҳукуматлараро комиссиясининг 12-йиғилиши бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 июнь куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Қозоғистонга ташриф буюриб, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қабулида бўлган эди.
Live
Барчаси