Жээнбеков мамлакатнинг янги Бош вазири ва парламент спикери билан учрашиб, насиҳат қилди

Олам

image

Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков бугун, 14 октябр куни Жўқорғу Кенеш Спикери Канат Исаев ва парламент томонидан мамлакат Бош вазири лавозимига тасдиқланган Садир Жапаров билан учрашди. 

Давлат раҳбари уларни лавозимга тайинлангани билан табриклаб, ишларида муваффақиятлар тилаган ва фаолияти билан жамият ҳамда мамлакатга фойда келтиришига умид билдирган. 

Президентнинг таъкидлашича, бугун мамлакат олдида коронавирус инфекциясининг пандемиясининг иккинчи тўлқини учун тайёргарлик, шунингдек, куз-қиш мавсумини ўташ масалалари турибди. 

Шунингдек, у қисқа муддатли режаларни ишлаб чиқишдан ташқари, мамлакатни ривожлантириш учун зарур бўлган узоқ муддатли дастурларни, шу жумладан иқтисодиётни тиклаш, инвестицияларни жалб қилиш, давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари ва бошқалар ҳақида сўз юритган.  

Президент Сооронбай Жээнбеков мамлакат барқарорлиги ва тараққиёти учун томонлар билан ҳар доим мулоқотга тайёрлигини таъкидлаган. 

Бугун, 14 октябрь куни Қирғизистон Жўқорғу Кенеши депутатлари учинчи марта Садир Жапаров номзодини мамлакат Бош вазири лавозимига тасдиқлади.

Маълумот учун, 6 октябрь куни Қирғизистон парламенти Садир Жапаров номзодини истеъфога чиққан Бош вазир Кубатбек Боронов ўрнига тасдиқлаганди. Бироқ у вақтларда бу тайинловни тасдиқловчи Президент Сооронбай Жээнбеков қаерда экани номаълум бўлиб қолганди. Кейинроқ бу лавозимга даъвогарлар ҳам кўпайди.

10 октябрь куни депутатлар Садир Жапаров номзодини яна Бош вазир лавозимига тасдиқлади. Бироқ бу сафар парламент йиғилиши керакли тартибда ўтказилмагани ва ундаги қарорлар қонуний кучга эга эмаслиги сабабли, тайинлов амалга ошмаганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.

Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Кейинроқ парламентга Канат Исаев спикер этиб сайланди.

Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.

Жээнбеков вазиятни изга солиш учун 9 октябрь куни Бишкекда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Кейинроқ бу режим яна узайтирилди. Ҳарбийларнинг Бишкекка кириши натижасида намойишлар ва талончиликлар тўхтади.


Мақола муаллифи

Теглар

Сооронбай Жээнбеков Қирғизистондаги вазият Канат Исаев

Баҳолаганлар

137

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made