Зеленский Запорожье АЭС учун Россияни жазолашни сўради

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Россия Қуролли Кучлари қўшинларини Запорожье атом электр станцияси (АЭС) ва унга қўшни ҳудудларни зудлик билан ва “ҳеч қандай шартларсиз” тарк этишни талаб қилди.

"Запорожье АЭСдаги ҳар қандай радиация ҳодисаси кўплаб мамлакатлар учун зарба бўлиши мумкин. Ҳамма нарса фақат шамол йўналиши ва кучига боғлиқ”, дея огоҳлантирган Украина раҳбари кечки нутқида.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, “муҳокама ва чақириқлар”дан Россия Федерацияси, Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси ва бутун ядро саноатига қарши янги қаттиқ санкцияларга ўтиш керак.

“Дунё ўн йиллар давомида ядровий материаллар ва радиациявий хавфсизлик билан боғлиқ барча фаолиятларни тўғри назорат қилиш учун курашиб келмоқда. Ва агар ҳозир дунёда битта атом электр станциясини ҳимоя қилиш учун куч ва қатъият етишмаса, бу дунё ютқазади, дегани”, деган Зеленский ҳамон бу мағлубиятдан қутулиб қолиш имкони борлигини таъкидлаб.

Россия март ойи бошида ЗАЭСни эгаллаб олди, шундан кейин украиналик ходимлар станцияда ишлашда давом этди. 5 август куни украин матбуоти руслар ЗАЭСга тўрт марта ўқ узгани ҳақида хабар берди. Сўнгги кунларда электр станцияси мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, бунда Россия ва Украина бир-бирини айбламоқда. Расмий Москвага кўра, Украина бўлинмалари томонидан Запорожье атом электр станциясининг ўққа тутилиши ядровий терроризм акти ва бу Чернобилдан ҳам каттароқ фалокатга олиб келиши мумкин.

Маълумот учун, Запорожье Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлиб, у Украинадаги барча электр энергиясининг чорак қисмини ишлаб чиқаради. Қарийб 6 минг мегаватт қувватга эга ушбу иншоот олтита энергия блокидан иборат. Ҳозирда атом электр станцияси тўлиқ қувватининг 70 фоизида ишлайди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Европа мамлакатлари аллақачон Россия нефтини етказиб беришни алмаштиришни бошлаган. Мисол учун, май ойининг охирида Бирлашган Араб Амирликлари икки йиллик танаффусдан сўнг Европага нефть етказиб беришни тиклади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

4

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг