Зеленский уруш кимнинг ғалабаси билан тугашини айтди

Олам

image

Президент Владимир Зеленский Россия уруши Украинанинг ғалабаси билан якунланишига ишонч билдирди. Бу ҳақда Зеленский Американинг NBC телеканалига берган интервьюсида маълум қилди. 

“Уруш, албатта, тугайди. Ишончим комилки, у қанчалик оғир бўлмасин ва биз учун қанчалик қийин бўлмасин, бу Украинанинг ғалабаси билан якунланади. Биз босқинчиларни юртимиздан сиқиб чиқаришимиз керак. Имкониятимиз бор экан, буни қиламиз. Биз учун бу бизнинг ҳаётимиз, бизнинг йўлимиз! Яна қандай қилиб уруш тугаши мумкин, бу ягона йўл”, деб ҳисоблайди Зеленский. 

Унинг қайд этишича, дунё Россияга ютқазишга ҳаққи йўқ, чунки бунда демократия ютқазади. 

Президентнинг айтишича, ҳозирда Киев Москва билан Украинани ҳимоя қилган украиналиклар ва хорижлик кўнгиллиларни асирликдан қайтариш бўйича музокаралар олиб бормоқда.  

“Мустақиллигимизни ҳимоя қилиш учун ихтиёрий равишда дунёнинг турли давлатларидан келган қаҳрамон ҳарбийларга раҳмат айтмоқчиман. Ҳамма тушунадики, Украинадаги уруш бугун шу ерда, лекин эртага Европада, кейин АҚШда бўлиши мумкин. Ва шунинг учун Украинадаги уруш аллақачон Европа ва Қўшма Штатлардаги уруш, деб айтиш мутлақо адолатли, бу фақат географик жиҳатдан бу ерда содир бўлмоқда. Шунинг учун мен бу қаҳрамонларнинг барчасидан миннатдорман”, дейди Зеленский. 

Давлат раҳбари бугунги кунда Россияда минглаб украиналик маҳбуслар, жумладан, Украинани ҳимоя қилиш учун келган хорижлик кўнгиллилар сақланаётганини таъкидлади. 

"Британияликларни қўйиб юбормаслик ёки АҚШдан келган йигитларни қўйиб юбориш билан Россия шунчаки кўрсатиб турибдики, айнан мана шу давлатлар у билан алоқада бўлишади, мулоқот қилишади", дейди Президент. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Зеленский Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

49

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made