Зеленский Украинага босқинни жазосиз қолган авиаҳалокат билан боғлади
Олам
−
31 Март 2022
8308Дунё Россияни 2014 йилда рўй берган МН17 ҳалокати учун жазолаганида, Украинага босқиннинг олдини олиш мумкин эди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский Австралия парламентидаги нутқида айтиб ўтган.
“Ўйлайманки, ҳар биримиз Россия ҳарбийлари томонидан уриб туширилган МН17 фожиасини эслаймиз. Ўшанда 298 киши вафот этди. Бу фожиага сабабчи бўлганларни жавобгарликка тортишнинг имкони бўлдими? Йўқ, улар Россия ҳудудида яширинган ва эҳтимол Россия Федерациясидан хавфсизлик кафолатларини олган. Россия қурбонларнинг яқинларига товон пули тўлаганми? Йўқ, у ҳалигача ўзининг алоқадорлигини рад этади”, дейди Зеленский.
Шунингдек, у ўтмишдаги хатоларни тузатиш зарурлигини таъкидлади.
“Россия яна қанча янги фожиа яратади? Жазосиз ёмонлик қанотланади. Агар дунё Россия Федерациясини 2014 йилда қилган иши учун жазолаганда, 2022 йилда Украинада ҳеч қандай даҳшат бўлмасди. Бундай даҳшатли хатоларни ҳозир тузатишимиз керак”, деган Украина раҳбари.
Президент Австралия раҳбарларини Россия жазоланиши учун ҳамма нарсани қилишга чақирди.
2014 йилнинг 17 июлида Донецк вилоятининг россиялик жангарилар назорати остидаги қисмида Malaysia Airlines авиакомпаниясининг MH17 рейси билан Амстердам-Куала-Лумпур йўналишида парвоз қилган Boeing 777-200ER самолёти уриб туширилганди. Самолёт бортидаги барча 298 киши - 283 йўловчи ва 15 экипаж аъзоси ҳалок бўлган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси