Зеленский Россиянинг қанча активи хатланганини айтди

Олам

image

Украинада Россиянинг қарийб 765 миллион долларлик активлари хатланган. Яна 900 дан ортиқ давлат активлари эса мажбуран мусодара қилиниши режалаштирилган. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский маълум қилди.

“Бугун мен санкция сиёсати, Россия активларини мусодара қилиш бўйича йиғилиш ўтказдим. Расмийларнинг хабар қилишича, Украинада 28 миллиард гривна (765 миллион доллар) қийматидаги активлар аллақачон ҳибсга олинган. Бу иш давом этмоқда. Яна 900 дан ортиқ Россияга тегишли объектларни мусодара қилиш таклиф қилинди. Ва агар биз нафақат давлат, балки унинг резидентлари мулклари пакетини ҳам баҳоласак, 36 минг мулк олиб қўйилиши мумкин”, дейди Зеленский.

Айтиш жоизки, аввалроқ, Украина Бош вазири Денис Шмигаль Вазирлар Маҳкамаси Президентга “Россия мулкининг 903 та объекти”ни мусодара қилишни таклиф қилаётгани, шундан 79 таси корпоратив ҳуқуқлар, 824 таси эса мулкий эканлигини маълум қилган.

Жорий йилнинг 1 апрель куни Украина Олий Радаси Россия фуқаролари ва “у билан чамбарчас боғлиқ” шахсларнинг, шунингдек Россия Федерациясининг “махсус ҳарбий операцияси”ни қоралашдан бош тортган барча шахсларнинг мулкини миллийлаштириш тўғрисидаги қонунни қабул қилди.

12 май куни эса Рада Зеленскийнинг Украина ҳудудидаги Россия мулкини мусодара қилиш ҳақидаги фармонини тасдиқлади. Украина Адлия вазири Денис Малюска 20 июнь куни расмийлар ёз охирида оммавий мусодара бошлашини айтди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

13

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг