Зеленский Россия Украинага олти ойда қанча ракета учирганини айтди
Олам
−
23 Август 2022
7401Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли ҳарбий амалиёти бошланганидан кейин рус ҳарбийлари мамлакатга 3500 тага яқин қанотли ракета учирган. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский видеомурожаатида айтиб ўтди.
“Босқинчилар Харьковдаги турар-жой биносига ҳужум қилган жойда қидирув ишлари якунланди. Ўтган чоршанба куни Россиянинг ўққа тутилиши натижасида уй вайрон бўлган. Бугунга келиб вайроналар остидан барча ўлганларнинг жасадларини олишга эришдик. Россиянинг битта зарбаси 19 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бир. Юртимизнинг турли ҳудудларида йиртқич ҳайвонларнинг бундай ҳужумлари эса 180 кундан бери тўхтамаяпти”, дейди давлат раҳбари.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия ҳарбийларининг украинага берган артиллерия зарбаларини ҳисоблаш чиқиш имконсиз.
“Россия бизга қарши ишлатган турли қанотли ракеталарнинг умумий сони аллақачон 3,5 мингтага яқинлашмоқда. Россия артиллериясининг зарбаларини санаб бўлмайди – улар жуда кўп, улар жуда шиддатли”, дейди Зеленский.
Шу билан бирга Зеленский РФ халқаро ташкилотлар билан ўйнашда давом этаётганини, сурбетларча Запорожье АЭСда ўзи уюштирган провокацияни муҳокама қилиш учун БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақирганини таъкидлаган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь