Зеленский Россия билан музокараларга қайтиш шартини айтди
Олам
−
25 Май 2022
13015Россия 24 февралдан кейин босиб олган Украина ҳудудларини қайтариб берганидан кейингина расмий Киев Москва билан музокараларга қайтади. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский Япониянинг NHK нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Ишончим комилки, биз бутун ҳудудимизни қайтаришимиз керак, лекин бунинг учун тўлашимиз керак. Биз уни 24 февралгача бўлган ҳолатга қайтармоқчимиз. Кейин музокаралар столига ўтирамиз”, дейди Зеленский.
У Россия қўшинларининг кенг миқёсли бостириб кириши бошланганидан кейин босиб олинган ҳудудларни қайтармасдан, РФ билан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар “қийин бўлишини” қўшимча қилиб.
Зеленский Қрим ва Донбасснинг Украинага тегишлилигини қайд этди, аммо энди у асосий вазифани 3 ой ичида босиб олинган ҳудудларни озод қилишда кўрмоқда.
Унга кўра, Украина Қуролли Кучлари Россия Федерацияси томонидан босиб олинган барча ерларни қайтаришга қодир. Дунё Украинанинг тажовузкорга қарши туриш қобилиятини кўриб, унинг ғалабасига ишониб, Украина халқига ёрдам бериш учун бирлашганидан сўнг, бўлажак ғалаба янада яққол намоён бўлди, дейди Зеленский.
“Дунё Украинага Россия Федерацияси мамлакатнинг бутун ҳудудини босиб олиши учун уч кун муҳлат берди. Лекин кўряпсизми, уч кун эмас, 30 кун эмас, аллақачон уч ой ўтди. Биз бутун дунёни Украина атрофида бирлаштирдик. Россиянинг уриниши муваффақиятли бўлади деб ўйламайман, чунки дунё Украина атрофида бирлашди”, дейди Зеленский.
Аввалроқ Зеленский Путин билан учрашиш шартини айтганди. Украина давлати раҳбари фақат урушни тугатиш учун Россия Федерацияси Президенти билан учрашишга тайёр.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 май куни Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко Украина билан музокаралар тўхтатилганини, улар ҳеч қандай шаклда олиб борилмаётганини маълум қилганди.
Шундан сўнг, Украина Президенти девони маслаҳатчиси Михаил Подоляк брифингда Андрей Руденконинг сўзларини тасдиқлаб, Киев Россия дунёдаги сиёсий жараёнларда салбий роль ўйнагани туфайли у билан музокараларни тўхтатганини айтиб ўтди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь