Зеленский Қрим ва Донбассни муҳокама қилиш шартини айтди
Олам
−
22 Март 2022
15985Украина Президенти Владимир Зеленский Украина томони хавфсизлик кафолатларини олгач, Россия билан Қрим ва Донбасс республикалари масалаларини муҳокама қилишга тайёрлигини айтди.
“Қрим ҳам, Донбасс ҳам ҳамма учун жуда қийин воқеа. Ва у ерда қандайдир чиқиш йўли топиш учун сиз биринчи қадамни қўйишингиз керак, бу ҳақда мен айтдим: хавфсизлик кафолатлари, урушнинг тугаши”, деган у Европа ва Украинанинг бир қатор телекомпанияларига берган интервьюсида.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, у бу масалаларни Россия Президенти Владимир Путин билан учрашувда муҳокама қилишга тайёр.
“Россия Президенти билан биринчи учрашувда мен бу масалаларни кўтаришга тайёрман, улар долзарб, биз учун муҳим. Аммо ишончим комилки, бу қарор бу йиғилишда бўлмайди. Чунки, ростини айтсам ва хавфсизликни кафолатлаш масалаларида биз конституциявий ўзгаришлар, Украина қонунчилигидаги ўзгаришлар ҳақида гапиряпмиз. Агар бу ҳақда гапирадиган бўлсак, ҳар қандай ҳолатда ҳам буни нафақат президент, балки Рада ва Украина халқи ҳам ҳал қилади”, деган Зеленский.
20 март куни Зеленский CNN телеканалига берган интервюсида Киев Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини йўқотмайдиган моделни топиши кераклигини айтганди. Республика Киев назорати остидаги ҳудудлар ва вақтинча босиб олинган ҳудудлар ўртасида янги урушларнинг олдини олиш моделини топиши керак, деган у.
Маълумот учун, Украина билан музокаралардаги Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский Москва ва Киев Украинанинг нейтрал мақоми, унинг НАТОга қўшилмаслиги борасида “позицияларини иложи борича яқинлаштиришганини” айтганди.
Россия Федерацияси билан музокараларда қатнашаётган Украина делегацияси аъзоси, Президент девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг айтишича, Россия томонининг музокаралар ҳақидаги баёнотлари оммавий ахборот воситаларида кескинликни қўзғатишга қаратилган. Унга кўра, Украина позициялари ўзгармади – ўт очишни тўхтатиш, қўшинларни олиб чиқиш ва аниқ формулалар билан ишончли хавфсизлик кафолатлари.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь