Европа Россиянинг нефть саноатига зарба тайёрлади
Жамият
−
25 Февраль 2022
13317Европа Иттифоқи Украина ҳудудига бостириб киришига жавобан Россияга қарши янги санкциялар пакетини келишиб олди. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ЕИ етакчиларининг фавқулодда саммитидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар беради “Reuters”.
Россия Президенти Владимир Путин “муваффақиятсизликка учраши керак ва шундай бўлади”, деган Европа Иттифоқи етакчилари 25 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида янги санкциялар бўйича келишиб олиш чоғида. Раҳбарлар бир кечада бўлиб ўтган фавқулодда саммитда янги иқтисодий санкциялар қўллаш, Россиянинг технологияни олиш имкониятини чеклаш каби чораларни кўришда АҚШ ва бошқаларга қўшилиш борасида принципиал келишувга эришган.
Европа Иттифоқи Россиянинг блокдаги активларини музлатиб қўйишга ва Россия банкларининг Европа молия бозорларига киришини ёпишга келишган.
“Ушбу пакет Россия банк бозорининг 70 фоизига ва асосий давлат компанияларига, шу жумладан мудофаа секторига қаратилган молиявий санкцияларни ўз ичига олади”, деган Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен.
Унинг сўзларига кўра, молиявий санкциялар Россияда қарз олишини мураккаблаштиради ва у ерда инфляцияни кучайтиради. Европа Иттифоқи, шунингдек, Россия авиакомпанияларига самолётлар ва жиҳозлар сотишни тақиқлайди, дипломатлар ва бизнесменлар учун виза чекловларини ҳам жорий қилади.
Унинг қўшимча қилишича, экспорт чекловлари нефтни қайта ишлаш заводлари учун зарур бўлган Европа Иттифоқи материалларини тақиқлаш орқали Россиянинг нефт секторига зарар етказади. Бу охир-оқибат Россияда нефтни қайта ишлашдан тушадиган даромаднинг камайишига олиб келади.
Батафсил санкциялар яқин кунларда эълон қилинади. Франция Президенти Эммануэль Макрон ўша матбуот анжуманида Европа энергия ва хавфсизлик соҳасида мустақил бўлиши кераклигини айтди.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси