ЕИ юзма-юз мулоқотдан узоқлашишга ҳаракат қилмоқда – Лавров
Олам
−
01 Март 2022
9318Европа Иттифоқи ноқонуний санкциялар йўлини танлаб, юзма-юз мулоқотдан узоқлашишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қуролсизланиш бўйича конференция сессиясида видеомурожаат кўринишида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
"Мен Қуролсизланиш бўйича конференцияда нутқ сўзлаганимдан хурсандман. Женевада бўлганимда буни жонли равишда амалга оширишга умид қилгандим. Бироқ, Европа Иттифоқи инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири – эркинлик ҳуқуқини ҳурмат қилишдан бош тортгани учун бунинг имкони бўлмади”, дейди Лавров.
Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи давлатлари бир томонлама ноқонуний санкциялар йўлини танлаб, юзма-юз мулоқотдан, кескин халқаро муаммоларга сиёсий ечим топишга ёрдам берадиган тўғридан-тўғри алоқалардан узоқлашишга ҳаракат қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Сергей Лавровнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессияси ва Қуролсизланиш бўйича конференциясида иштирок этиш учун Женевага ташрифи Европа Иттифоқининг бир қатор давлатлари унинг самолёти парвозини тақиқлагани сабабли бекор қилинганди.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси