Самолётига қўйилган тақиқ сабаб Лавров Женевадаги конференциядан қолиб кетди
Олам
−
28 Февраль 2022
9957Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессияси ва Қуролсизланиш бўйича конференциясида иштирок этиш учун Женевага ташрифи Европа Иттифоқининг бир қатор давлатлари унинг самолётларининг ўз ҳаво кенгликларида парвозини тақиқлагани сабабли бекор қилинди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
“Лавровнинг Женевага БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси сессияси ва Қуролсизланиш бўйича конференцияга ташрифи унинг самолётининг Россияга қарши санкциялар жорий этган бир қатор Европа Иттифоқи давлатлари ҳаво кенгликларида парвозини мисли кўрилмаган даражада тақиқлангани сабабли бекор қилинди”, деган агентлик билан мулоқот қилган манба.
Бугун, 28 февраль куни БМТнинг Женевадаги штаб-квартираси матбуот котиби Алессандра Велуччи ТАСС агентлигига БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 27 февраль куни Европа Иттифоқи раҳбарияти билан икки марта телефон орқали гаплашиб, Россия делегациясининг Женевага келиши масаласини ҳал қилишга уринганини айтган. Расмий вакилнинг қайд этишича, Россиянинг Нью-Йоркдаги БМТдаги доимий ваколатхонаси Гутерришдан “бу вазиятда ёрдам беришни” сўраган.
“Бош котиб аъзо давлатлар учун парвоз рухсатномаларини олишга масъул бўлмаса-да, у ва унинг идораси раҳбари Европа Иттифоқининг тегишли органлари, жумладан Европа Кенгаши президенти Чарльз Мишель билан кеча икки марта суҳбатлашди”, дейди Велуччи.
Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова 27 февраль куни “Россия-1” телеканалидаги “Владимир Соловьев билан оқшом” дастури эфирида БМТ Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилигидаги Россия делегациясининг Евроиттифоқ чекловлари туфайли қуролсизланиш бўйича конференция йиғилиши ва БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши сессиясида иштирок этиш учун Женевага келишини кафолатлай олмаслигини айтганди.
25 февраль куни бўлиб ўтган брифингда Захарова Россия Ташқи ишлар вазири 28 февралдан 1 мартгача Женевада бўлиб ўтадиган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 49-сессиясида иштирок этишини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет билан суҳбат, чет эллик ҳамкасблар билан қатор икки томонлама учрашувлар, шунингдек, Женевада жойлашган етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилганди.
Европа Иттифоқи Украинадаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан Россия учун ҳамжамият ҳаво ҳудудини ёпишга қарор қилган.
Айни вақтда Россия қуйидагилар билан авиапарвозларни тўхтатган: Австрия, Албания, Ангилья, Бельгия, Болгария, Британия Виржиния ороллари, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Гибралтар, Греция, Дания (шу жумладан Гренландия, Фарер ороллари ва ҳудудий денгиз), Жерси, Ирландия, Исландия, Испания, Италия, Канада, Кипр, Латвия, Литва, Люксембург, Мальта, Нидерландия, Норвегия, Польша, Португалия, Руминия, Словакия, Словения, Финляндия, Франция, Хорватия, Чехия, Швеция, Эстония.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.