Лавров Украинада уруш бошланганидан бери илк бор Европага боради
Олам
−
01 Ноябрь
8490Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 2024 йилнинг декабрь ойида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун Мальтага боришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда бугун, 1 ноябрга ўтар кечаси Россия ТИВ расмий вакили Мария Захаровага таяниб, “Ведомости” газетаси хабар берди.
Мальтанинг Россия Федерациясидаги элчихонаси нашр сўровига жавобан ЕХҲТ вазирлар кенгаши йиғилишини 5-6 декабрь кунлари ушбу мамлакатда ўтказиш тўғрисидаги қарор барча аъзоларга, шу жумладан расмий Москвага ҳам тегишли эканини тасдиқлаган.
Мальта элчихонаси Европа Иттифоқи томонидан Сергей Лавровга нисбатан жорий қилинган санкциялар билан боғлиқ вазиятга изоҳ бермаган.
Лавров Европа Иттифоқига охирги марта Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланишидан олдин – 2021 йилнинг декабрида Швеция пойтахти Стокгольмда бўлиб ўтган ЕХҲТ вазирлар кенгаши йиғилишида иштирок этганида борган эди. Россия Ташқи ишлар вазири Европа Иттифоқининг алоҳида санкцияларига дучор бўлган, бу унинг Европа Иттифоқидаги активларини музлатишга олиб келади. 2023 йил февраль ойи бошида Австрия Ташқи ишлар вазири Александер Шалленберг мамлакат парламентида сўзлаган нутқида ЕХҲТ тадбирларидаги Россия вакиллари, ҳатто санкцияга дучор бўлган тақдирда ҳам, кириш ҳуқуқига эга эканлигини айтган эди.
2023 йилнинг ноябрь ойида Лавров Шимолий Македонияда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарларининг йиғилишида иштирок этган. Шу сабабли Латвия, Литва, Эстония, Польша ва Украина вакиллари тадбирга боришдан бош тортган.
2022 йилда ЕХҲТга раислик қилган Польша Лавровни Лодзда бўлиб ўтган ЕХҲТ Вазирлар кенгаши йиғилишида иштирок этиши учун мамлакатга киритишдан бош тортган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ BRICS+ форматидаги учрашувда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров саммитдаги ҳаракатлари билан кулгига қолганди. У оёғини босиб олган саммит иштирокчисини ҳақорат қилганди. Бунга Лавровнинг қилган реакцияси Россия Президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг кулгисига сабаб бўлган.