Саидов Лавровдан ички ишларга аралашмасликни талаб қилди
Жамият
−
27 Сентябрь
15849Кеча, 26 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувида давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилиши муҳимлиги таъкидланди. Бу ҳақда Саидов ўзининг Telegram-каналида ёзди.
"Ўзаро ишончни мустаҳкамлаш йўлида давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилиш муҳимлиги таъкидланди. Биз иттифоқчилик руҳидаги доимий мулоқотимизни давом эттиришга келишиб олдик", дейди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири.
Шунингдек, вазирлар стратегик шерикликнинг долзарб мавзулари, шунингдек, бўлажак олий ва юқори даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш юзасидан атрофлича суҳбат ўтказган. Анъанага кўра, ҳамкорлик кун тартиби кенг бўлиб, барча соҳаларни қамраб олган.
Россия ТИВнинг мазкур учрашув ҳақидаги баёнотида эса вазирлар миллатлараро муросасизлик кўринишларига қарши курашиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратгани айтилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 188-мактабда ўқитувчи рус тили дарсида ўқувчисини калтаклагани ҳақида хабар берилган эди. Шундан сўнг Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Россия томони Ўзбекистон томонидан воқеа юзасидан расмий тушунтириш беришни сўраганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Москва бу масалани "энг диққат марказида" тутмоқда.
Бунга жавобан Алишер Қодиров “Бизни ички ишларимиз ҳақида бош қотиргунча муаммоларга тўла ўзларининг ишлари билан шуғулланишса тўғри бўлар эди”, деганди. Ўзбекистон журналистика ва оммавий комуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа эса Ўзбекистон ички ишларига ташқаридан аралашувни қабул қилмаслигини айтди. Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов эса “фикр берувчи”, “йўл кўрсатувчи”ларга асло эҳтиёж йўқлигини таъкидлади.
Воқеалар фонида Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси Ботиржон Асадовга тақдимнома киритди.