“Йўл кўрсатувчи”ларга асло эҳтиёжимиз йўқ”. Захаровага навбатдаги жавоб
Жамият
−
26 Сентябрь
20428Аввалроқ, Тошкентдаги мактабда содир бўлган ҳолат юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Ўзбекистондан изоҳ беришини сўраганди. Захарованинг Ўзбекистон ичидаги воқеага “бурун суқиши”га Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов муносабат билдирди.
"Ижтимоий тармоқларда ўқитувчининг ўқувчига нисбатан қилган хатти-ҳаракатлари тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Албатта, бу ҳолатда ўқитувчини оқлаб бўлмайди, бу бола ҳуқуқларига зид ҳолат, қадриятларимизга бегона хатти-ҳаракат. Боланинг ҳуқуқлари тегишли ташкилотлар томонидан ҳимоя қилинмоқда, ўқитувчига нисбатан зарур чоралар кўрилмоқда.
Лекин бир нафар ўқитувчининг вазиятдаги руҳий ҳолати сабаб қилган ҳаракатлари мисолида 100 мингдан ортиқ педагогларимизга, миллат тарбиячиларимизга баҳо бериш ҳам нотўғри", дейди Маънавият ва маърифат маркази раҳбари.
Отабек Ҳасанов вазиятни мураккаблаштириш, ҳолатдан миллий низоларни уйғотишга урунаётганлар яна бир бор даврнинг ғоявий таҳликаларга тўлалигини эслатётганини билдирди. У Ўзбекистон мустақил, ҳуқуқий-демократик, дунёвий давлат эканини билдириб, мамлакатда ёши, миллати, дини, касбидан ва бошқа ҳолатидан қатъий назар қонун ҳаммани ҳимоя қилишини, ҳуқуқларни бузганлар жазоланишини қўшимча қилди.
"Мамлакатда катта-катта масалалар ҳам халқ билан бирлашиб, фикрлашиб ҳал қилиб келинмоқда. Мазкур вазият ҳам ўз ишимиз, ўз уйимизда бўлаётган ҳолат. Унга бошқаларнинг бош суқиши, ички ишларимизни ҳал қилишга урунишига асло ҳожат ҳам йўқ.
Бизнинг 130 дан ортиқ турли миллат ва элатлар билан ҳар доим, ҳозиргидек иноқ, тинч, бирлашиб бир Ўзбекистон бўлиб ҳаракат қилиш, мақсадларга етишда бу каби “фикр берувчи”, “йўл кўрсатувчи”ларга асло эҳтиёжимиз йўқ", дейди Ҳасанов.
Шу ўринда у зиёлиларни доимо бирлашиб, ўз фикр, қарашлари билан жамиятни тўғри йўлга бошлашга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров Захарованинг Ўзбекистон ичидаги воқеага “бурун суқиши”га муносабат билдирар экан, “Бизни ички ишларимиз ҳақида бош қотиргунча муаммоларга тўла ўзларининг ишлари билан шуғулланишса тўғри бўлар эди”, деганди. Ўзбекистон журналистика ва оммавий комуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа эса Ўзбекистон ички ишларига ташқаридан аралашувни қабул қилмаслигини айтганди.