Ўзбекистон ички ишига “бурун суққан” Захаровага Қодиров жавоб қайтарди
Жамият
−
26 Сентябрь
29795Аввалроқ, Тошкентдаги мактабда ўқитувчи биринчи иш кунида 6-синф ўқувчисини аёвсиз калтаклагани ҳақида хабар берилганди. Бунинг ортидан Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Россия Федерацияси Ўзбекистондан мазкур ҳолатга изоҳ беришини сўради.
Захарованинг Ўзбекистон ичидаги воқеага “бурун суқиши”га Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров муносабат билдирди.
Унинг айтишича, бола ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг мактабида, Ўзбекистон фуқаросининг боласига нисбатан бузилган ва чораси ҳам Ўзбекистон халқи номидан қабул қилинган қонунлар асосида кўрилади.
“Бизни ички ишларимиз ҳақида бош қотиргунча муаммоларга тўла ўзларининг ишлари билан шуғулланишса тўғри бўлар эди. Текис жойда тўпалондан фойда чиқмаслигини тушуниб етишди, деган хулосага эртароқ шекилли”, деган Алишер Қодиров.
Маълумот учун, Россия тушунтириш талаб қилаётган воқеа 23 сентябрь куни тахминан соат 15:00 лар атрофида Чилонзор туманидаги 188-сонли умумтаълим мактабида содир бўлган. 6-“В” синфида рус тили фани дарсида ўқитувчи Р.О.га ўқувчи Э.Г. гап қайтарган ва тортишиб қолган. Сўнгра ўқитувчи Р.О. ўқувчи Э.Г.ни қулоғидан чўзган, ўтирган жойидан тортиб олиб чиққан ва ўқувчининг юзига тарсаки туширган. Видеода ўқитувчи болани куракда турмайдиган гаплар билан ҳақорат қилиб, доскага қисиб, бўйнидан бўғиб, бир неча марта ургани акс этган.
Бундан хабар топган ўқувчининг ота-онаси ўқитувчининг бу хатти-ҳаракати юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган.
Боланинг онаси айтишича, синф раҳбари ҳам болага бундай зўравонлик содир бўлганидан хабар топган бўлса-да, вазиятни тўлиқ ўрганмай, болани эшитмай, ҳодисага унинг ўзи айбдорлигини айтиб, бутун синф олдида ўқитувчидан кечирим сўрашга болани мажбур қилган. Бундай муносабат натижасида, бола ҳозирда жуда тушкун ҳолатда эканлиги ва мактабга боришни истамаётганлигини билдириб, она Болалар омбудсманидан фарзандининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраган.
Болалар омбудсманининг ИИВ ва ММТВ га сўрови асосида мазкур ҳолат ўрганилмоқда. Ҳозирда Чилонзор тумани ИИБ терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.
LiveБарчаси