ЕИ Россия, ЛХР ва ДХРдан 217 кишини “қора рўйхат”га киритди
Олам
−
09 Апрель 2022
4426Европа Иттифоқи Украинадаги воқеалар фонида Россия, тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикаларидан 217 нафар тадбиркор, сиёсатчи, журналистга нисбатан бешинчи санкциялар пакети доирасида чеклов чораларини киритди. Бу ҳақда ЕИнинг расмий журналида айтилади.
“Кенгаш бугун Россиянинг Украинага қарши давом этаётган асоссиз ҳарбий агрессияси ҳамда Украина ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказувчи ёки таҳдид солувчи бошқа ҳаракатларига жавобан яна 217 нафар жисмоний ва 18 юридик шахсга нисбатан чеклов чораларини қўллашга қарор қилди”, дейилади баёнотда.
Жисмоний шахслар қаторида юқори мартабали Кремль амалдорлари, ишбилармонлар — Моше Кантор, Борис Ротенберг ва Олег Дерипаска, энергетика, молия, оммавий ахборот воситалари, мудофаа ва ҳарбий саноат каби иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида ишлайдиган бошқа таниқли ишбилармонлар, шунингдек, дезинформация, маълумотни манипуляция қилиш, Кремль томонидан Украинадаги вазият ҳақида нотўғри маълумотларни мунтазам равишда тарқатиш тарафдорлари бор.
“Рўйхатга санкция қўйилган шахсларнинг оила аъзолари ҳам киритилган. Жумладан, Мария Владимировна Воронцова ва Екатерина Владимировна Тихоновалар ҳам бор”, дейилади Европа Иттифоқининг расмий журналида. Унда рўйхатдаги шахслар “Президент Путиннинг қизлари” экани таъкидланган.
Европа Иттифоқи Россиянинг йирик оммавий ахборот воситалари раҳбарларига қарши ҳам санкциялар киритган. Жумладан, “Московский комсомолец” газетаси бош муҳаррири Павел Гусев ва ТАСС бош директори Сергей Михайловга чекловлар қўйилган. Шунингдек, “Санкт-Петербург” телеканали бош директори Александр Малькевич ва “Национальная оборона” журнали бош муҳаррири Игорь Коротченкога нисбатан ҳам санкциялар жорий этилган.
Европа Иттифоқининг “қора рўйхат”ига ЛХР Вазирлар кенгаши раиси Сергей Козлов, ДХР ҳукумати раиси Александр Ананченко, икки республика вазирлари ва ДХР Халқ кенгаши аъзолари ҳам киритилган.
Умуман олганда, ЕИ маълумотларига кўра, чеклов чоралари 1091 нафар жисмоний шахс ва 80 та ташкилотга нисбатан қўлланилган.
“Рўйхатга киритилган жисмоний шахсларнинг активлари музлатиб қўйилади, Европа Иттифоқи фуқаролари ва компанияларига уларга маблағ бериш тақиқланади. Жисмоний шахсларга қўшимча равишда Европа Иттифоқи ҳудудларига кириш тақиқлари қўйилади”, дейилади ҳужжатда.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь