ЕИ ҳали уруш кетаётган Украинани тиклашга миллиардлаб евро ажратмоқчи – ОАВ

Олам

image

Европа Иттифоқи Украинага тўққиз миллиард евролик молиявий ёрдам пакетини тақдим этишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” уч европалик расмийга таяниб, хабар берди.

Жорий йилнинг май ойи ўрталарида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Украинани можародан кейин қайта тиклаш режасини, жумладан, мамлакатдаги ислоҳотларни, шунингдек, Киевга 9 миллиард макромолиявий ёрдам ажратишни таклиф қилган эди. 

Агентлик маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи таклифи ҳафта охиригача тайёр бўлиши мумкин. Пайшанба ва жума кунлари ЕИ етакчилари Украинанинг тикланиши ҳамда мамлакатнинг иттифоққа аъзо бўлиш имкониятларини муҳокама қилиш учун учрашади.

Шунингдек, Киевга макромолиявий ёрдам пакети асосий қарзни тўлаш учун 10 йиллик имтиёзли давр билан 25 йил муддатга кредит сифатида берилади. Европа Иттифоқи кредитлар миқдорини 100 фоиз тўлиқ қоплаш ниятида, 8 миллиарди ассоциация мамлакатлари томонидан тақдим этилади, қолган маблағлар эса Европа Иттифоқи бюджетидан ажратилади. Фоизлар ҳам Европа бюджетидан тўланади.

“Еврокомиссия ёрдам пакети тафсилотларини келишиш масаласида ассоциациянинг қатор мамлакатлари билан боғланмоқда ва биринчи тўлов ёзда амалга оширилишини кутмоқда”, деб ёзди нашр.

Таклиф этилаётган ташаббус Европа Иттифоқи давлатлари ва Европа парламенти томонидан маъқулланиши керак.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

11

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made