ЕИга оғаётган Арманистон ЕОИИдан ҳайдалиши мумкин

Олам

−

image

Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистондан бўлган аъзолари Арманистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги (ЕОИИ) аъзолиги тўхтатилишининг эҳтимолий оқибатлари тўғрисида маъруза тақдим этди. Бу ҳақда Россия ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

“Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси ва Россия Федерацияси Президентларининг 2026 йил 29 майдаги Қўшма баёнотини ижро этиш юзасидан Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси ва Россия Федерациясидан бўлган аъзолари томонидан “Арманистон Республикасига нисбатан 2014 йил 29 майдаги Евроосиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги Шартноманинг амал қилишини тўхтатишнинг эҳтимолий оқибатлари тўғрисида”ги маъруза тайёрланди”, дейилади хабарда.

Маъруза Арманистон томонидан Европа Иттифоқига киришга қаратилган кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотларни, ЕОИИ ва ЕИ ҳуқуқий режимларининг мутаносиблиги (хусусан, Ереваннинг ЕОИИга аъзолик доирасидаги мажбуриятлари ва ЕИга кириш билан боғлиқ мажбуриятлари) таҳлилини ўз ичига олади. Унда, шунингдек, Арманистоннинг ЕИга кириш қарори оқибатида юзага келадиган хавф-хатарларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар тўғрисидаги маълумотлар ҳамда Арманистоннинг ЕОИИга аъзолиги тўхтатилишининг эҳтимолий оқибатлари баҳоси келтирилган.

Маъруза Евроосиё “бешлиги”га кирувчи давлат раҳбарларига топширилади.

“Ҳукумат раҳбарлари томонидан имзоланган маъруза илова қилинган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашига мурожаатнома 2026 йил 20 октябрь куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши аъзолари – Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга расман топшириш учун Евроосиё иқтисодий комиссиясига юборилди”, дейилади хабарда.

Маърузада қайд этилишича, Ереваннинг Европа Иттифоқига киришга қаратилган қадамлари фонида Арманистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқида кейинчалик бўлиши мақоми ташкилотда саволлар туғдирмоқда. Муаллифлар жорий йилнинг 24 август куни Арманистон парламентида ҳукуматнинг 2026–2031 йилларга мўлжалланган дастури тақдимоти чоғида Пашинян мамлакат раҳбарияти “эҳтимол, яқин орада ЕИга кириш бўйича расмий ариза топшириш жараёнини бошлайди” деб очиқ баёнот берганини эслатиб ўтган. Бироқ Европа Иттифоқига кириш ёки ЕОИИда аъзоликни сақлаб қолиш масаласи бўйича референдум ўтказиш фақат  “ЕИга қилинган расмий мурожаатга тегишли муносабат олинганидан ва жараён бўйича йўл харитаси пайдо бўлганидан кейин” режалаштирилмоқда. Шу сабабли, ЕИга кириш бўйича йўл харитаси юзасидан музокаралар олиб борилаётган даврда республика ЕОИИга аъзоликдан келадиган манфаат ва афзалликларни сақлаб қолишни режалаштирмоқда.

Божхона ҳудуди ягоналигининг бузилиш хавфи

“Амалий нуқтаи назардан, Арманистон Республикасининг ЕОИИга аъзолиги сақланиб қолган ҳолда божхона соҳасида миллий ҳужжатлар орқали “Европа стандартлари”нинг жорий этилиши ЕОИИ божхона ҳудуди ягоналигининг бузилиш хавфини туғдиради”, дейилади маърузада.

Ҳужжатда қайд этилишича, агар Иттифоқ иштирокчиларидан бири ЕОИИда белгиланганидан фарқ қиладиган тартибда фаолият юрита бошласа, Иттифоққа аъзо давлатлар томонидан Арманистон ҳудудидан олиб кирилаётган учинчи мамлакатлар товарларининг божхона ҳудудига қонуний кириб келганини қайта текшириш зарурати юзага келади. 

“Ушбу ҳаракатларнинг оқибати ЕОИИ умумий бозорларида товарлар нархининг ошиши, шунингдек, ЕОИИ ичидаги товар ва хизматлар ишлаб чиқарувчиларининг рақобатбардош устунликлари ҳамда даромад даражасининг пасайиши бўлади”, деб таъкидланади қўшма маърузада. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро Республика институти томонидан ўтказилган янги сўров натижаларига кўра, Арманистон фуқароларининг 75 фоизи мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлаши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг