Зеленский Нидерландиядан ҳам қурол сўради

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Нидерландиядан мамлакатни қурол-яроғ билан таъминлашни ва Россияга қарши санкцияларни кучайтиришни сўради.  

“Озодлик ўзига керак бўлган барча қуролларни олиши керак. Қитъада бор, сизда бор қуролларни. Бизга кўпроқ “Стрингерлар” (зенит-ракета тизимлари – таҳр.), Panzerfafaust (танкга қарши гранатомёт - таҳр.) керак. Бизга зудлик билан осмонимизни хавфсиз қиладиган, шаҳарларимизни блокдан чиқаришимиз мумкин бўлган қуроллар керак: самолётлар, танклар, ҳаво мудофааси ва танкга қарши Spike комплекслари”, деган Зеленский Нидерландия парламентига мурожаатида. 

Шунингдек, у Россияга қарши санкцияларни кучайтириш, рус кемалари учун портларни ёпиш ва Россиянинг энергия ресурсларидан воз кечишга чақирган. 

Аввалроқ, Зеленский Австралия парламентига видеомурожаатида Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга чақиргани ҳақида хабар бергандик.  

Эслатиб ўтамиз, Украина Президенти Владимир Зеленский Норвегиядан кемаларга қарши қуроллар, “Гарпун” ракеталари ва ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари етказиб беришни сўраганди. Шундан сўнг, Норвегия ҳукумати Украинага 2000 та М72 танкка қарши қуролларини етказиб бериши маълум бўлди.  

Шунингдек, Украина АҚШ расмийларидан ҳар куни 500 та Stinger зенит ракеталари ва танкга қарши Javelin ракета комплексларини етказиб беришни сўраган эди. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

37

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг