“Россия янги кучларни ташлаяпти”. Зеленский Норвегиядан қурол сўраб, тезда жавоб олди

Олам 45058
image

Украина Президент Владимир Зеленский Норвегиядан кемаларга қарши қуроллар, “Гарпун” ракеталари ва ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари етказиб беришни сўради. У илтимосини Норвегия парламентига мурожаатида айтиб ўтди.

“Уруш давом этмоқда. Россия бизни вайрон қилишда, украиналикларни йўқ қилишда давом этиш учун еримизга янги кучларни ўтказмоқда. Биз урушни тўхтатиш учун кўпроқ ҳаракат қилишимиз керак. Биринчи ва асосийси – қурол. Озодлик золимликдан ёмонроқ қуролланмаслиги керак. Ишонинг, биз одамларни, шаҳарларни йўқотмоқдамиз, улар вайрон қилинмоқда. Шунинг учун мен бизга нима кераклигини аниқ айтмоқчиман, хусусан, кемага қарши қуроллар, “Гарпун” ракеталари, шунингдек, NASAMS ҳаво мудофаа тизимлари. Бундан ташқари, бизга зирҳли техника ва артиллерия тизимларини йўқ қилиш учун воситалар керак”, деган Зеленский.

Украина етакчиси Норвегия етказиб берадиган қуроллар фақатгина мамлакат мустақиллигини қўриқлаш учун фойдаланилишини таъкидлаган.

“Фақатгина сиз бошқа европаликлар билан бирга баҳам кўраётган эркинлик ва хавфсизликни ҳимоя қилиш учун”, дейди Зеленский.

Шундан сўнг, Норвегия ҳукумати Украинага 2000 та М72 танкка қарши қуролларини етказиб бериши маълум бўлди. 

“Норвегиянинг 2000 та М72 танкга қарши гранаталарини ўз ичига олган Hercules самолёти Украина томон йўл олди”, дея хабар берди Норвегия Мудофаа вазирлиги.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 243
Рейтинг: 3
t
×