Ўзбекнинг жони темирданми? 60 фоиз давлат хизматчилари иш вақтидан ташқари ишлатилади
Жамият
−
08 Август 2023
8011Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг 57,3 фоизи иш вақтидан ташқари қўшимча ишларга жалб қилинади. Ушбу статистика “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ўтказилган сўров натижасида шакллантирилган.
Қайд этилишича, “Юксалиш” ҳаракатининг мазкур сўровида 560 нафар давлат хизматчиси қатнашган. Улардан 57,3 фоизи белгиланган вақтдан ташқари ишлашга мажбур бўлган. Қўшимча меҳнат қилганларнинг 36,8 фоизи ҳар куни 1-2 соат кечроқ ишини якунлашини маълум қилган бўлса, 13,9 фоиз ходимлар 22:00 гача, 6,4 фоизи эса ҳатто 24:00 га қадар иш жойида бўлишга мажбур бўлиши айтилган.
“Юксалиш” сўровида мажлисбозликлар муаммоси ҳам ўрганилган. Унда аниқланишича, давлат хизматчиларининг 41,3 фоизи ҳафтасига 4 соатгача, 11,4 фоизи 5-7 соат ҳамда 15,8 фоизи 8 соатдан кўп вақтини мажлислар залида ўтказади. Тадқиқотга кўра, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида мажлис ва йиғилишлар ўтказишни бошқа ҳудудларга қараганда кўпроқ “хуш кўришади”.
Шунингдек, сўров натижасида оддий мутахассисларнинг қарийб 70 фоизи, раҳбар кадрларнинг эса учдан бир қисми қўшимча вақтларда ишлаши аён бўлган. Бунда эркак ходимларнинг 67,6 фоизи, аёлларнинг эса 32,4 фоизи иш вақтидан ташқари хизмат қилади.
Албатта, юқоридаги статистика нисбий бўлиши мумкин, аммо умумий ҳолат ҳақида бирмунча тасаввурга эга бўлиш учун етарли.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрда қабул қилинган “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори орқали давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида йиғилишлар сонини камайтириш белгиланган эди. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йил 27 январда ўтказилган ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида мажлисбозликни тўхтатиш кераклиги таъкидланган эди. 2021 йил 10 февраль куни Президент раислигида 2021 йилги Давлат дастурини амалга оширишга бағишланган видеоселектор йиғилишида Бош вазир Абдулла Ариповга маҳалла раислари ва участка нозирларини ҳокимиятга мажлисга чақиришни қатъиян тақиқлаш бўйича топшириқ берилганди. Давлат раҳбари 2022 йилнинг 18 июль куни ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳам мажлисбозликни камайтириш бўйича топшириқ берган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 июль куни Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида тунда ҳокимият мажлисига чақирилган аёл Nexia босиб кетиши оқибатида ҳалок бўлган эди. Бундан аввал Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов дам олиш куни бўлишига қарамай, Бухоро, Вобкент ва Ғиждувон туманларида маҳалла раислари ва ҳоким ёрдамчилари иштирокида йиғилиш ўтказди. Кейинроқ қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида бунга йўл қўймаслик, дам олиш кунлари ишга жалб этилган ходимларга икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши ёки ходимнинг истагига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш бўйича Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ёзма кўрсатма ва инспекция раҳбари томонидан вилоят ҳокими номига тақдимнома киритилган.
LiveБарчаси