Ўзбекистонга келтирилаётган Comirnaty вакцинаси ҳақида нималар маълум?
Таҳлил
−
18 Январь 2021
9972Аввалроқ, Ўзбекистонга АҚШнинг Pfizer фармацевтика компанияси ва Германиянинг BioNTech биоинженерлик компанияси томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши Comirnaty вакцинасини келтирилиши ҳақида хабар берган эдик.
Comirnaty вакцинаси билан Ўзбекистон аҳолисининг камида 20 фоизини эмлаш мўлжалланганини ҳисобга олсак, ушбу вакцина ҳақида баъзи маълумотларни билиб олганимиз маъқул. Ҳўш, ушбу вакцинанинг ножўя таъсири, синов жараёнлари ва ўлим хавфи тўғрисида нималар маълум?
Ножўя таъсири тўғрисида
Pfizer компанияси томонидан АҚШнинг Озик-овқат ва дори-дармонларнинг сифатини назорат қилиш бўйича администрациясига (FDA) тақдим қилинган маълумотлар таҳлилига кўра, ушбу вакцинанинг инсонга ножўя таъсир қилиш ҳолатлари бўлиши мумкин.
Маълум қилинишича, 18 ёшдан 55 ёшгача Comirnaty вакцинасини олган синов иштирокчиларида (жинсидан қатьи назар) ножўя таъсир қилиш ҳолатлари кузатилган: 16 фоиз эмланганлар тана ҳарорати кўтарилиши, 59 фоизи ҳолсизланиш, 52 фоизи бош ва 37 фоизи мушаклар оғриғидан шикоят қилган. Шунингдек, 55 дан юқори ёш вакилларига ножўя таъсир қилиш ҳолатлари бошқаларга нисбатан камроқ учраши қайд этилган.
Comirnaty вакцинасининг синов жараёнлари
Умумий ҳисобда Comirnaty вакцинаси уч босқичли синов жараёнларидан ўтди. Бу жараёнларда 6 киши вафот этди. Қизиғи шундаки, вафот этганларнинг уч нафари 55 дан юқори ёш вакиллари бўлган. Вакцинани синовдан ўтказиш жараёнларида 40 мингдан ортиқ одам қатнашган ва ушбу вакцина 95 фоиз натижа кўрсатган.
Pfizer вакцинаси ўлим хавфига эгами?
Уч босқичли синовдан сўнг, ушбу вакцина Европа Иттифоқининг барча давлатлари, АҚШ, Исроил, Саудия Арабистони ва яна бир неча мамлакатлар томонидан маъкулланди. Ўтган йилнинг 26 декабрида Европа Комиссиясининг Раиси Урсула фон дер Ляйен ушбу вакцина Европа Иттифоқининг барча давлатларига етказилгани ва эмлаш жараёни бошлангани ҳақида айтган эди.
Шундан бери Европада ушбу вакцинадан фойдаланиб келинмоқда. Афсуски, синов жараёнларидаги каби вакцинани қўллашда ҳам нафақат ножўя таъсир қилиш, балки ўлим ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Масалан, ўтган йилнинг декабрь ойида исроиллик 75 ва 88 ёшли қариялар ушбу вакцина билан эмланганидан бир неча соат ўтиб вафот этган. Ундан ташқари, жорий йилнинг 5 январь куни Норвегияда ҳам икки киши эмланганидан сўнг вафот этди. Маълум қилинишича, уларнинг ҳам ёши катта бўлган. Кейинга ҳолат эса, АҚШда қайд этилган. Жорий йилнинг 8 январь куни Флорида штатида шифокор ушбу вакцина билан эмланганидан сўнг, 16 кун ўтиб вафот этган. Вафот этган акушер-шифокор мутлақо соғлом ва ҳеч қандай сурункали касалликларга чалинмагани таъкидланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан расмий равишда тасдиқланган ушбу вакцина ва қайд этилган ўлим ҳолатларининг ўртасида тўғридан-тўғри алоқа бор ёки йўқлигини айтиш ҳозирча қийин.