Нью-Йоркда вакцинаси бўлмаган хавфли вирус аниқланди

Олам

image

Нью-Йоркда илк бор вакцинаси ёки махсус даволаш усули мавжуд бўлмаган Бурбон вируси аниқланди. Бу ҳақда Стоуни-Брук тиббиёт маркази тадқиқотига таяниб, “Fox News” хабар берди.

“Кейинги йилларда юлдузчали кана орқали юқадиган Бурбон вирусининг тарқалиши ортса, тез орада ташхис қўйиш мураккаблашиши мумкин”, дейилади марказ баёнотида.

Юлдузчали кана (ёки “ёлғиз юлдуз”) – бу Шимолий Америка канаси бўлиб, урғочисининг орқасидаги юлдузча шаклидаги ўзига хос оқ доғ сабабли шундай ном олган.

Бурбон вируси билан касалланган биринчи бемор 2014 йилда Канзас штатининг Бурбон округида қайд этилган. Кейинчалик ушбу бемор вафот этган. Бундан ташқари, илк бор аниқланганидан бери вирус камида яна иккита ўлим ҳолати билан боғланган. Бироқ тадқиқотчиларнинг фикрича, бошқа юқтириш ҳолатларига ташхис қўйилмай қолган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Бурбон вирусининг белгиларига иситма, чарчоқ, тошма, бош оғриғи, танадаги оғриқлар ва кўнгил айниши киради. Бугунги кунда вирус аниқ ташхисланмагани сабабли, шифокорлар учун уни аниқлаш қийин кечмоқда.

“Нью-Йоркда ва АҚШнинг шимоли-шарқида юлдузчали каналар жуда кўп, уларнинг популяцияси жуда зич ва одам Бурбон вирусини юқтирганда, белгилар бошқа кана инфекцияларининг белгиларига ўхшаш бўлади”, дейди тиббиёт фанлари доктори, Стоуни-Брук тиббиёт маркази профессори ва кана касалликлари клиникаси директори Луис Маркос.

Унинг сўзларига кўра, инфекция сабаби аниқланмасдан туриб аниқ ташхислаш марказлари ёки самарали даволаш усулларини ишлаб чиқиш имкониятлари жуда кам. Шунинг учун эпидемиологик назоратни кенгайтириш ва тест усулларини такомиллаштириш зарур.

Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) маълумотларига кўра, юлдузчали кана АҚШнинг шимоли-шарқий, жанубий ва ўрта-ғарбий ҳудудларида кенг тарқалган. Ташкилот бундай каналар “агрессив каналар” сирасига киришини қайд этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасида Эбола вирусидан касалланиш ҳолатлари 3 200 тага етгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, эпидемия бошланганидан буён вирус оқибатида 1 405 киши ҳаётдан кўз юмган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг