АҚШда ўзбекистонлик эркак 8 млн долларлик фирибгарликда гумонланмоқда
Crime
−
11:07 655 2 minutes
АҚШнинг Нью-Йорк штатида тиббий суғурта компанияларидан миллионлаб доллар ундиришга қаратилган сохта дорихоналар схемаси фош этилди. Мазкур ишда гумонланувчилардан бири Ўзбекистон фуқароси Баҳодир Миродимов экани айтилмоқда. Бу ҳақда “ABC7 New York” хабар берди.
Қайд этилишича, Нассау округи ҳуқуқ-тартибот идоралари Флорал-Парк ва Фрипорт шаҳарларидаги иккита дорихона фаолиятини текширган. Терговчилар ушбу муассасалар орқали Medicaid ва Medicare давлат тиббий суғурта дастурлари, шунингдек, хусусий суғурта компанияларига қимматбаҳо дори воситалари учун сохта ҳисоб-фактуралар юборилганини аниқлаган.
Маълумотларга кўра, дорихоналар ОИВ ва саратон каби касалликларни даволашда қўлланадиган қиммат дори воситалари учун тўлов талаб қилган. Бироқ ушбу дорилар беморларга етказиб берилмаган.
Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчилар шифокорларнинг шахсий маълумотларини ўғирлаб, беморлар номидан қалбаки рецептлар расмийлаштирган. Сўнгра шу ҳужжатлар асосида суғурта ташкилотларига мурожаат қилган.
Полиция гумонланувчилар сифатида Ўзбекистон фуқароси Баҳодир Миродимов ва курдистонлик Абдулҳаким Бердиқуловни аниқлаган. Расмийлар Миродимов 31 кун ичида 3 миллион доллар, Бердикулов эса 5 миллион доллар олганини билдирган. Ҳар икки шахс АҚШни тарк этган.
Нассау округи полицияси комиссари Патрик Райдернинг айтишича, гумонланувчилар Нью-Йорк штати ҳайдовчилик гувоҳномаларидан фойдаланиб, ўз номларига корхоналар очган. Терговчилар ҳозирча икки эркак ўзаро боғлиқ ҳолда ишлаганини аниқламаган. Бироқ бу каби схемаларда бошқа шахслар ҳам иштирок этган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Нассау округи прокурори Энн Доннелли фирибгарлик соғлиқни сақлаш тизимига зарар етказиши ва аҳолининг тиббий хизматлар учун харажатлари ошишига олиб келишини таъкидлаган.
Мазкур иш доирасида алоқадор корпорацияларга нисбатан оғир жиноятлар бўйича айбловлар қўйилган. Икки гумонланувчига эса мақола эълон қилинган вақтда шахсан айблов эълон қилинмаган. Тергов давом этмоқда, Нассау округи идоралари федерал органларни ҳам жалб қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШда Ўзбекистон фуқароси Сардор Тиркашев қўлга олинганди. Оқ уй уни жиноий ўтмишга эга ноқонуний мигрантлар орасида мамлакатдаги энг хавфли жиноятчилардан бири деб атагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All01 November
01 November
01 November