Урушнинг 20 кунида 7 000 дан кўп рус аскари ўлди – АҚШ разведкаси

Жамият

image

Украинадаги урушнинг 20 кунида жанговар ҳаракатларда 7000 дан ортиқ россиялик ҳарбий ҳалок бўлди. Бу Ироқ ва Афғонистондаги урушлар давомида 20 йил ичида ҳалок бўлган америкалик аскарларнинг умумий сонидан кўп. Бу ҳақда “The New York Times” Америка разведкасининг “консерватив ҳисоб-китобларига” таяниб ёзмоқда.

Газета маълумотларига кўра, яна 14 мингдан 21 минг нафаргача рус ҳарбийлари жароҳат олган. Нашр Россия томонидан урушда 150 мингдан ортиқ ҳарбий иштирок этаётганини ёзмоқда.

Пентагоннинг аноним расмийларининг таъкидлашича, кўп ва ортиб бораётган қурбонлар Россия армиясининг руҳий ҳолатига путур етказиши мумкин.

Шу билан бирга, “The New York Times” манбалари уларнинг ўлганлар ҳақидаги маълумотлари нотўғри бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Улар оммавий ахборот воситалари таҳлили, сунъий йўлдош тасвирлари ва ўққа тутилган рус аскарлари ва техникасининг суратлари, шунингдек томонларнинг расмий маълумотлари асосида тузилган.

Россия Мудофаа вазирлиги уруш бошланганидан бери фақат бир марта ҳалок бўлган рус ҳарбийлари ҳақидаги маълумотларни очиқлади. 2 март куни идора Украинада 498 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини, яна 1597 киши яраланганини маълум қилган.

Украина томонининг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, Россия армиясининг йўқотишлари 13,8 минг кишини ташкил қилади. Шу билан бирга, гап фақат ўлганлар ҳақидами ёки ярадорлар ва маҳбуслар ҳақидами, аниқланмаган.

Шунингдек, Украина расмийлари уруш пайтида тўрт нафар россиялик генерал ҳалок бўлганини эълон қилди. Россия бу маълумотларни тасдиқламаган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

19

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг